Пойтахтимиз ва мамлакатимизнинг 15 та шаҳрида Ёшлар куни ва Халқаро Олимпия куни (“Olympic day”) муносабати билан «Янги нафас» халқаро оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди. Унда 100 мингдан ортиқ югурувчи иштирок этди.
“Olympic day” муносабати билан Тошкентдаги югурувчилар учун 3 та масофа – 3 км., 10 км. ва 1 миля (1,61 км.) масофа ташкил этилди. Шунингдек, Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд, Нукусда ҳаваскор югурувчилар икки масофада – 3 км. ва 1 миля, Aндижон, Гулистон, Нурафшон, Жиззах, Термиз, Навоий, Қоровулбозор, Қарши, Ғузор, Урганчда эса 3 км. масофага югурди.
Тошкент шаҳридаги “Ҳумо Aрена” спорт мажмуаси майдонида мусобақага старт берилди.
Бу йилги “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақалари халқаро мақомга кўтарилиб, унда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 300 га яқин профессионал ва ҳаваскор спортчилар иштирок этди.
– “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақалари қўшни давлатлардаги оммавий югуриш мусобақаларида фаол иштирок этувчи янги югуриш жамоаларини шакллантириш учун бошланғич таянч нуқтага айланмоқда, – деди Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раисининг ўринбосари Aндрей Aбдувалиев. – Умид қиламизки, йил сайин юқори даражага кўтарилаётган ушбу оммавий югуриш мусобақаси ғолиб ва совриндорлари Халқаро енгил атлетика федерацияси томонидан ўтказиладиган мусобақалар рўйхатидан ўрин олади ва сафимизга дунёнинг номдор атлетлари ҳам қўшилади.
Ташкилотчилар томонидан уюштирилган концерт дастурида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА