Бу ҳақдаги қарор куни кеча Халқаро футбол федерациясининг кенгайтирилган йиғилишида эълон қилинди.
ФИФА президенти Жанни Инфантино футбол ва футзал бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатлари мезбонларини аниқлаш маросимида иштирок этиб, Ўзбекистонни футзал бўйича 2024 йилги жаҳон чемпионати мезбони сифатида танлангани билан қутлади.
ФИФАнинг кенгаш йиғилишида, шунингдек 2025 йилда ўтказиладиган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг янги талқиндаги илк турнири АҚШда ўтказилиши тасдиқланди. Унда 32 та футбол клуби қатнашиши белгиланган.
Айтиш лозимки, мамлакатимиз ФИФА тасарруфидаги жаҳон чемпионатига биринчи бор мезбонлик қилаётгани ўзига хос воқеа бўлиши билан бирга, Ўзбекистон футболи янги ривожланиш босқичига чиқаётганининг ёрқин ифодаси ҳамдир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5-6 май кунлари ФИФА раҳбари Жанни Инфантино расмий ташриф билан мамлакатимизга ташриф буюрган эди.
Т.Рўзиев,
ЎзА