24 июнь кечқурун Россия ва Беларусь Президентлари Владимир Путин ва Александр Лукашенко телефон мулоқоти ўтказишди. Минскдан давлат раҳбари девони матбуот хизмати хабар қилишича, РФ етакчиси ҳамкасбига“Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати билан боғлиқ вазиятни бартараф этиш бўйича қилинган ишлар учун миннатдорлик билдирган.

Суҳбат чоғида Лукашенко ҳамроҳига “Вагнер” раҳбарияти билан олиб борган музокараси натижаси ҳақида маълумот берган.
“Россия Президенти беларуслик ҳамкасби амалга оширган саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлади ва унга миннатдорлик билдирди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, “Пригожин Лукашенконинг “Вагнер” ҳаракатини тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш бўйича кейинги қадамлар юзасидан таклифини қабул қилгани” айтилмоқда.

“Вагнер” раҳбари Евгений Пригожинга қарши жиноий иш тўхтатилади, у Беларусга кетади”, дея баёнот берди Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

23 июнь оқшом ижтимоий тармоқда “Вагнер” ширкати асосчиси Евгений Пригожиннинг бир неча аудиоёзуви жойлаштирилди. У кўп минг кишилик қўшинга эгалигини эслатиб, Россияда “умумий адолат тиклаш” зарурлигини таъкидлаган, кишиларни ўз сафига қўшилишга даъват қилган. Шу куннинг ўзида Пригожинга нисбатан “қуролли давлат тўнтариши” айби билан жиноий иш очилгани хабар берилган эди.

ЎзА