Мамлакатимиз фуқаро авиациясини ривожлантириш, хусусан, ҳаво кемалари паркини янгилаш, парвозларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш, аэропортлар инфратузилмасини, ҳаво ҳаракатини бошқариш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
2018 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига мувофиқ “Uzbekistan Airwaysʼ авиакомпаниясида Парвозларни бошқариш марказий ишлаб чиқариш-диспетчерлик хизмати, Аэронавигация парвозларини қўллаб-қувватлаш хизмати ва бошқа бўлинмалар таркибида авиакомпаниядаги мавжуд барча ахборот оқимларини ягона марказга йўналтирувчи янги интеграциялашган Парвозларни бошқариш марказини ташкил этиш кўзда тутилган.
Бугунги кунда Парвозларни бошқариш маркази ўз фаолиятини бошлади. “Uzbekistan Airwaysʼ авиакомпанияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини ушбу марказ фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда қайд этилишича, Парвозларни бошқариш маркази авиакомпаниянинг жорий фаолиятини тезкор бошқариш, юзага келадиган ҳар қандай муаммоларни ҳал қилиш имконини беради. Бу ерда ўта муҳим маълумотлар жамланган бўлиб, исталган вақтда ҳаво кемалари паркининг жойлашуви, уларнинг техник ҳолати, парвозга тайёрлик даражаси ва ҳаттоки парвоздаги йўловчилар ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконини тақдим этади.
– “Uzbekistan Airwaysʼ авиакомпанияси парвозлар хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда, – дейди Парвозларни бошқариш маркази директори ўринбосари Анвар Ҳакимов. – Яқинда Парвозларни бошқариш маркази замонавий техникалар билан жиҳозланган янги бинога эга бўлди. Марказни модернизация қилиш режаси илғор жаҳон тажрибасини таҳлил қилиб ўрганиб чиққандан сўнг амалга оширила бошланди. Авиакомпания мутахассислари Европа, Россия ва Туркиядаги шу каби марказларга ташриф буюрди. Марказ фаолиятида ходимларни ўқитиш ва янги дастурий маҳсулотларни жорий этишга эътибор қаратилди. Марказ учун янги бино қурилишида архитектура чизмаларни “кўздан кечирдик” ва қабул қилдик. Эндиликда авиакомпания ходимлари парвозлар хавфсизлигини таъминлаш учун етарлича шарт-шароитларга эга марказда иш фаолиятини олиб бормоқда.
Марказимизда малакали ходимлар томонидан кунлик парвозлар режасига киритиш керак бўлган тезкор ўзгаришлар ва пуллик режани бажариш назорат қилинади. Барча рейсларимизда самолётлар қаерда бўлишидан қатъий назар, ердами, осмондами уни мониторинг қилиш ушбу марказ зиммасига юклатилган.
“Uzbekistan Airwaysʼ бу жараёнга энг сўнгги технологияларни жорий этди ва Boeing компаниясининг дастурий таъминотига ўтишни амалга оширди. Ушбу ечим парвоз ҳақидаги барча маълумотларни бирлаштиришга ва уни парвозга тайёрланаётган учувчининг планшетига электрон тарзда юборишга ёрдам берди. Телекоммуникация ечимлари мутлақо янги маҳсулотни яратган француз ишлаб чиқарувчиси – SITA компаниясидан харид қилинди. Бу эса авиакомпаниянинг барча ҳаво кемаларининг ҳозирги ҳолатини кузатиш, парвоздаги метеорологик вазиятни таҳлил қилиш ва дунёнинг исталган нуқтасида борт компьютери орқали экипажлар билан алоқада бўлиш имконини беради.
Парвозларни бошқариш маркази авиакомпаниянинг парвозлар мунтазамлигининг имкон қадар юқори бўлишини ва парвозлар кечикиши билан боғлиқ омилларни минималлаштириш устида ишламоқда. “Uzbekistan Airwaysʼ авиапарки тўлиқ модернизация қилинди ва янги ҳаво кемалари билан тўлдирилишда давом этмоқда. Бу парвозларни режалаштириш, ҳаво кемаларини йўналишларга тўғри тақсимлаш, ҳаво кемалари захирасини шакллантириш самарадорлигини оширади ва шу орқали йўловчи ташишга бўлган эҳтиёжни таъминлашга имкон беради.
– “Uzbekistan Airwaysʼ 2020 йилда пандемия туфайли чекланган йўналишлар тармоғини сезиларли даражада тиклашни бошлади, – деди “Uzbekistan Airways” АЖ Бошқарув раиси Шуҳрат Худойқулов. – Бугунги кунга қадар деярли барча рейсларни тиклашга, балки бир қатор янги йўналишларни очишга муваффақ бўлдик. Шу билан бирга, бизнинг асосий вазифамиз, устуворлигимиз доимо парвозлар хавфсизлиги бўлиб қолади. Хавфсизликни таъминлаш ҳамда тезкор қарорлар қабул қилиш асосида янгиланган ва юқори технологияларга эга Парвозларни бошқариш маркази ўз фаолиятини бошлади.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, Парвозларни бошқариш маркази нафақат жойлашувини, балки марказнинг ишга ёндашувини ҳам бутунлай ўзгартирди. Қоғозда ишлашдан рақамли технологияларга босқичма-босқич ўтиш ва экипаж аъзолари билан исталган нуқтадан туриб алоқага чиқиш таъминланмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Пардаев, ЎзА