Бу жараёнда коррупция ва талон-торож ҳолатларига йўл қўймаслик Бош прокуратурада ўтказилган йиғилишнинг асосий мавзуси бўлди.

Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штабининг йиғилиши Бош прокурор ўринбосари Салом Самадов раислигида бўлиб ўтди.

Унда Республика ва ҳудудий штаблар аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022 – 2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги қарори,  2022 йил 30 декабрдаги “2023 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ давлат дастурларига ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ушбу жараёнларда коррупция ва талон-торож ҳолатларига йўл қўймаслик борасидаги вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Жорий йилги давлат дастурлари доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориладиган 10 мингдан ортиқ объектга   бюджетдан 20 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилади.

Йиғилишда масъуллар томонидан етарлича чоралар кўрилмагани оқибатида давлат дастурлари ижросида, айниқса объектларнинг лойиҳа – смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва маблағларни ўзлаштиришда бир қатор камчилик ва қолоқликлар келиб чиқаётгани кўрсатиб ўтилди.

Айрим объектларда қурилиш жараёни тасдиқланган ишчи лойиҳа асосида амалга оширилмаган, объектнинг техник ва муаллифлик назорати йўлга қўйилмаган. Ҳисоботларга бажарилмаган ишлар қўшиб ёзилган.

Бундан ташқари, зарурий тадбирлар амалга оширилмагани сабабли маҳаллаларда биринчи навбатда амалга ошириладиган чора – тадбирларни тўғри ва сифатли бажарилиши юзасидан асосий йўналишлар белгилаб олинди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ва муаммоларни ҳал этиш юзасидан қарор қабул қилиниб, ижроси назоратда олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА