Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев ва АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник ўртасидаги учрашувда икки давлатнинг ўзаро иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари хусусида сўз борди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор масалалари, хусусан, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши истиқболлари ва дунёдаги геосиёсий вазиятнинг иқтисодиётга таъсири масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилингани ва унга асосан Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилингани ҳамда шу сабабли ижтимоий ҳимоя масалалари алоҳида эътиборда экани қайд этилди.

Учрашувда кўплаб йўналишлар, хусусан, энергетика, транспорт, кичик бизнес каби соҳаларни ислоҳ қилиш ишлари давом эттирилиши бўйича ҳам маълумот берилди.

Жаноб Жонатан Хеник қайд этганидек, ушбу асосий йўналишлар Ўзбекистон учун устувор экани қувонарли. Мамлакат иқтисодий ислоҳотларда муваффақиятга эришиши АҚШнинг ҳам миллий манфаатлари билан ҳамоҳангдир.

– Ўзбекистон қанчалик иқтисодий жиҳатдан фаровон бўлса, бу бизда шунчалик кучли ҳамкор бор дегани. Хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун Ўзбекистон ўз олдига қўйган иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириши лозим. АҚШ эса ушбу мақсадларга эришиш учун иқтисодий ва техник кўмак кўрсатишга тайёр, – деди Ж.Хеник.

Томонларнинг фикрига кўра, мамлакатда хусусийлаштириш ва капитал бозорини ривожлантириш давлатлар инвестицион жозибадорлигини ошириш муҳим омил ҳисобланади.

Вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси маълум қилишича, очиқ ва самимий руҳда ўтган мазкур учрашувда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш, бунда жамоатчилик назоратининг аҳамияти, шу жумладан, манфаатлар тўқнашуви ва даромадлар декларацияси масалаларига ҳам урғу берилди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг долзарб мавзулари бўйича мунтазам равишда учрашувларни ташкил этишга келишиб олди.

 

Н.Зиёдуллаева,  

ЎзА