Мамлакатимизда ер муносабатларини тартибга солиш ҳам иқтисодиёт учун муҳим омиллардан бири саналади. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони каби бир қатор қонун ҳужжатлари ва меъёрий актлар қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатлардан кўзланган мақсад, ернинг қиймати, ер солиғи ва ер ижараси ҳақи шаклларида намоён бўладиган ердан фойдаланиш учун табақалаштирилган ҳақнинг жорий этилиши, ерларни хусусийлаштириш ва ер бозорининг шаклланиши ҳамда бу соҳада иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш ва тартибга солиш каби устувор вазифалар билан боғлиқдир.
Ер ресурсларини тартибга солиш ва хусусийлаштиришда ривожланган мамлакатлар тажрибасидан қайси жиҳатларни олиш мумкин?
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Комилжон Қўзиевга ушбу савол билан мурожаат қилдик.
– Ҳозирги кунда ер муносабатларини ислоҳ этишнинг асосий мақсади иқтисодиёт тармоқларида, айниқса, қишлоқ ва ўрмон хўжалигида ердан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган, –деди К. Қўзиев. – Муҳими, бунда ердан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларнинг замонавий жамият ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мос келадиган самарали иқтисодий механизмни ишлаб чиқишдир.
Шундан келиб чиқиб айтганда, ер ресурслари иқтисодиётнинг драйвери ҳамда камбағалликни қисқартиришда асосий восита сифатида муҳим аҳамиятга эга. Бунда ердан фойдаланишни оқилона ва самарали ташкил этиш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин.
Яқинда МҲТИ экспертлари ер ресурсларини тартибга солиш ва хусусийлаштириш бўйича хориж тажрибасини ўрганди ва тавсиялар ишлаб чиқди. Юқоридаги саволга ушбу таҳлиллардан олинган натижаларга таяниб, жавоб берсак ўринли бўлади.
Ривожланган мамлакатларда ер ресурсларини мувофиқлаштириш ва хусусийлаштиришда ердан фойдаланиш ва ерга мулк сифатида эгалик қилиш ҳуқуқлари қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган.
Масалан, Германияда ерни сотиб олиш ҳуқуқи ўша ҳудудда яшайдиган ва 10 йилдан бери ижарачи бўлиб ишлайдиганларга берилади.
Испанияда ерни ижарага бериш тартибига кўра, 50 гектардан ортиқ суғориладиган ер майдони ёки минг гектардан ортиқ яйловни ижарага олишга йўл қўйилмайди.
Дунёнинг деярли барча мамлакатларида ер ресурсларини хусусийлаштириш жараёни етарли даражадаги давлат назорати остида амалга оширилади. Масалан, АҚШ ва Ирландияда йил давомида бор-йўғи 3 фоиз ер мулк сифатида алмашинилади. Бу кўрсаткич Буюк Британия, Франция ва Италияда 2 фоизни, Германияда эса 1,5 фоизни ташкил қилади.
Кўп ҳолларда ер ресурслари фойдаланувчиларга узоқ муддатли ижара асосида берилади. Масалан, АҚШ ва Германияда ерларнинг 42 фоизи, Янги Зеландияда 40 фоизи, Британия ва Канадада 39 фоизи, Бельгияда 66 фоизи, Францияда 56 фоизи, Нидерландияда 32 фоизи, Португалияда 25 фоизи, Японияда 15 фоизи узоқ муддатга ижарага берилган. Ернинг ижара нархлари ва тўловлар аукцион-биржа ёки арбитраж орқали аниқланади.
ХХ асрнинг ўрталарида АҚШда ерга хусусий мулкчилик шаклларига оид қонун қабул қилинди. Натижада шартсиз ва умрбод ерга эгалик қилувчи мулкдорлар ҳамда оилавий ер мулки (homesteads) эгалари вужудга келди. Булар эса АҚШда ер ижараси кенг тарқалишига ва ер капитал бозори ҳамда ер банклари каби молия институтларининг ривожланишига олиб келди. АҚШдаги ер ислоҳотлари фермерларнинг ривожланиши билан бирга молия бозорининг капитализацияси ошишига хизмат қилди.
Ҳиндистонда янги ер ислоҳотлари натижасида қишлоқ хўжалиги ерларининг 85 фоизи камбағал аҳолига ижара шаклида берилди ҳамда субсиядия ва грант шаклида мулк сифатида сотилди. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш 4-5 баравар ортди ҳамда камбағал аҳолининг тўлов қобилияти кўтарилди.
Хитойда амалга оширилган ер ислоҳотлари натижасида 90 миллион гектар ер қишлоқ аҳолисига ижарага берилди. Натижада камбағал қишлоқ аҳолисининг 90 фоизи иш ўрнига эга бўлди. Ушбу кичик ер эгаларининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативларига бирлашиши уларни иқтисодий фаолият драйверига айлантирди. Оқилона ер ислоҳотлари натижасида Хитой ғалла экспорт қилувчи давлатга айланди.
Таҳлиллар аксарият мамлакатларда ер бозори кучли назорат қилинишини кўрсатди. Бунда давлат ҳокимияти ерни бир тоифадан иккинчи тоифага ўтказиш, сотиш учун рухсатномалар бериш, экологик ҳолатини назорат қилиш, хусусан, ер эрозияси, деградацияси ва чўлланишининг олдини олиш ваколатларини ўзида сақлаб қолди.
Демак, ер ресурсларини тартибга солиш ва хусусийлаштиришда ер турлари ва тоифаларидан келиб чиқиб, ерга мулк сифатида эгалик қилиш ҳуқуқи ҳамда ердан фойдаланиш ҳуқуқларини (ижара шаклда) қонунчиликда аниқ ва равшан белгилаш тавсия қилинади. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида ерни ижарага беришда ўша ҳудудда истиқомат қилаётганлик ёки маҳаллий аҳоли учун янги иш ўрнини яратаётганлик омилларига эътибор бериш мақсадга мувофиқдир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА