Наркологик касалликлар профилактикаси, ташхис қўйиш ва даволаш, бундай касалликка чалинган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни нафақат наркология муассасаларининг, оила аъзоларининг (қариндошларининг) илтимосномаларига асосан, балки ички ишлар органларининг ташаббусига кўра ҳам расмийлаштириш зарурати юзага келмоқда.

“Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ушбу соҳада юзага келаётган муаммоларни баратараф этишга қаратилган.

Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонун билан ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни расмийлаштириш ваколати берилмоқда. Қонунчиликка мазкур материалларни тайёрлаш тартиби белгиланишини назарда тутувчи тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Қонунда фуқароларнинг наркологик текширувдан ўтказилиши, маслаҳат берилиши, ташхис қўйилиши, наркологик касалликларга чалинган шахсларнинг амбулатория ва стационар шароитларда даволанишини ҳамда тиббий-ижтимоий реабилитация қилинишини давлат кафолатлаши белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволаш заруриятини аниқлаш билан боғлиқ барча клиник текширувлар наркология диспансерининг ўзида, зарур ҳолларда эса тегишли мутахассислар мавжуд бўлган бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказилади.

– Гиёҳвандлик – нафақат инсоннинг жисмоний, руҳий саломатлигини издан чиқаради, балки унинг оиласига, ён атрофига, жамиятга таъсир кўрсатади, турли ижтимоий муаммоларга сабаб бўлади, – деди Т.Норбоева. – Биз – сенаторлар барча масъул вазирлик, идоралар, жамоат ташкилотлари эътиборини жамиятимизда гиёҳвандликнинг олдини олишга, бундай иллат тарқалишига имкон бераётган шароит ва омилларни бартараф этишга қаратишимиз зарур. Тизимли ёндашув нуқтаи назаридан қараганда, бу борада таълим муассасаларининг масъулияти катта. Гиёҳвандлик иллати ва унинг салбий оқибатлари таълим-тарбия жараёнига уйғун ҳолда ўқувчилар онгига сингдириш лозим.

Қонуннинг қабул қилиниши наркологик ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА