Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Унда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг рақамлаштириш йўналишидаги бандлари ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари юзасидан Рақамли технологиялар вазирлигининг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларидан самарали фойдаланиш натижасида давлат бошқаруви тизими тўлиқ рақамлаштирилмоқда.

2023 йил учун мўлжалланган давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, электрон давлат хизматларининг улушини ошириш мақсадида вазирлик томонидан Ягона портал орқали жорий қилиниши зарур бўлган энг оммабоп 72 та давлат хизматлари ва сервислари рўйхати шакллантирилган ва бугунги кунда уларни ишга тушириш ишлари давом эттирилмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойи охирига қадар ахборот технологиялари соҳасида экспорт ҳажмини 100 млн. долларга етказиш кутиляпти. Aҳоли яшаш пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш доирасида 2023 йил давомида республика бўйлаб 28 минг км. оптик толали алоқа линиялари ташкил этилган бўлса, мобил алоқа операторлари томонидан қўшимча 3 минг 217 та база станциялари ўрнатилган.

Шу билан бирга, йил якунига қадар республикадаги аҳоли яшаш пунктларида мобил алоқа ва кенг полосали мобил Интернет хизматлари қамровини 99 фоизга етказиш ва халқаро аҳамиятга эга бўлган автомобил йўлларида мобил алоқа ва Интернет қамровини 70 фоизга етказиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 300 тага, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 570 тага етказиш ишлари амалга оширилмоқда.

Муҳокамаларда депутатлар мазкур масала юзасидан аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар бердилар.

Муҳтарама Комилова, ЎзА