“Theguardian” нашри ёзишича, Тайванда ота-оналар мактабгача таълим муассасаси тарбиячиларини фарзандлари овқатига гиёҳванд модда қўшиб берганликда айблаган.
Янги Тайпей шаҳридаги хусусий “Баорен” боғчаси ўқитувчилари болаларни қарамликка етаклайдиган йўтал сиропи билан тинчлантиришда айбланмоқда.
Шу ой ота-оналар болаларининг кайфияти ўзгариши, ғайриоддий ҳаракат, аломатлар кўрсатишидан хавотир билдиргач, полиция тергов бошлади. Хабар қилинишича, саккиз нафар ўқувчида таркибида фенобарбитал ва бензодиазепин бўлган психологик фаол дорилар миқдори ижобий натижа берган.
Фенобарбитал эпилепсияни даволашда қўлланади, бензодиазепин эса ухлатувчи дорининг кучли тури. Осонлик билан топиб бўлмайдиган бундай дори-дармон нима учун болаларга берилгани номаълум. Ҳозирча тинчлантирувчи хусусияти туфайли шу препаратларга мурожаат этилгани тахмин қилинмоқда.
“Баорен” болалар боғчаси директори ва беш нафар ўқитувчи терговгача тартибда ҳибсга олинган.
Мактабни ёпиш ва 150 000 тайван доллари миқдорида жарима тўлаш белгиланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА