Тошкент шаҳар ҳокимлигида Бектемир тумани ҳокими Шопўлат Асқаров оммавий ахборот воситалари вакиллари билан матбуот анжумани ўтказди.

Анжуманда 2018 йилда Бектемир туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мақсадли дастурларнинг бажарилиши юзасидан қилинадиган чора-тадбирлар ҳамда жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Туман ҳокими ҳар бир соҳа бўйича ҳудудда қилинган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, туманда 2018 йилнинг январь-март ойларида 81 та кичик бизнес, 45 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти очилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида туманни иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида ишга тушган инвестиция миқдори қарийб 60 миллиард сўмни ташкил этган ва 350 та янги иш ўрни яратилган «Global Textile Solutions» ва 138 миллиард сўм инвестиция киритилган, 250 та янги иш ўрни яратилган «Бектемир металл конструкциялари» каби қўшма корхоналар тумандаги энг йирик лойиҳалардир.

Шунингдек, тадбирда ҳудудда кичик саноат зоналарини ташкил этиш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, коммунал, ижтимоий соҳада қилинган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.

– Ҳозирги кунда тумандаги Бектемир, Олтинтопган ва Бинокор маҳаллаларида ичимлик суви ва оқова сув тармоғи ўтказилмаган, – деди Бектемир тумани ҳокими Шопўлат Асқаров. – Албатта, бу ишларни бажариш учун 22 миллиард сўм маблағ талаб этилади ва бу маблағни ўзлаштириш учун туман бюджетининг салоҳияти етарли эмас. Шу боис, бу ишларни босқичма-босқич амалга ошириб борамиз. 2018 йилнинг ўзида Бектемир маҳалласидаги 45 та хонадонга туман ҳокимлиги ички имкониятидан келиб чиққан ҳолда, ичимлик суви ўтказиш ишлари бошлаб юборилди ва жорий йилнинг июнь ойига қадар якунига етказилади.

Матбуот анжуманида туман ҳокими журналистларнинг ҳудуддаги муаммолар борасидаги саволлари ва таклифларига ўзининг муносабатини билдирди, муаммоларнинг ечими борасидаги навбатдаги матбуот анжуманини Бектемир туманининг ўзида ўтказиш таклифини билдирди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган мазкур матбуот анжумани бундан кейин анъанавий давом этади. Яъни, ҳар бир туман ҳокими ҳар 15 кунда журналистлар билан мулоқот қилади.

 

Инобат Аҳатова, ЎзА