Аҳолининг зарур истеъмол товарлари билан узлуксиз таъминланиши, янги иш ўринларининг яратилиши ҳамда давлат бюджетига валюта тушумининг ортишида мамлакатимиз ташқи савдо юкларининг аҳамияти катта.

Кейинги йилларда божхона тизимининг тубдан ислоҳ этилиши натижасида экспорт ва импортга йўналтирилган юкларнинг божхона расмийлаштируви ва назорати сезиларли даражада соддалаштирилмоқда. Бу борада “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постларининг ташкил этилиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ортиқча вақт ва харажатлар сарфланишига батамом нуқта қўйиб, оралиқдан туриб замон талабларига мос электрон равишда  божхона расмийлаштирувининг амалга оширилишига замин яратмоқда.

Биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан 2023 йил бошидан 233,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги ташқи савдо юклари божхона расмийлаштируви ва назоратидан ўтказилган. Шундан, товарлар экспорти  119,6  миллион АҚШ долларини ташкил этса, расмийлаштирилган 113,8 миллион  АҚШ доллар қийматидаги товар импорт ҳисобига тўғри келмоқда. Оролбўйи ҳудудидан ҳисобот даврида асосан полиэтилен, ип-калава, фармацевтика маҳсулотлари, кимё саноати маҳсулотлари, артемия цистаси, тўқимачилик маҳсулотлари, ёғоч ва тахта ва бошқа маҳсулотлар дунё бозорларига экспортга чиқарилган. Металлар ва улардан ясалган буюмлар, ёғоч ва тахта, транспорт ва унинг эҳтиёт  қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, қишлоқ хўжалиги, нефть ва нефть маҳсулотлари, озиқ-овқат ва кимё саноати маҳсулотлари каби товарлар Россия, Хитой, Қозоғистон, Беларусь ва Корея давлатларидан олиб келиниб, эркин муомалага чиқарилган.

Аҳамиятлиси, божхона органларида жорий этилган хавфни бошқариш тизими ёрдамида божхона юк декларациялари хавфлилик даражасига қараб, “қизил”, “сариқ” ва “яшил” йўлакларга ажратилиши ҳамда ҳалол тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланиладиган “яшил” йўлакларда божхона кўригининг амалга оширилмаслиги, “сариқ” йўлакка тизим ёрдамида автоматик равишда йўналтирилган декларациялар эса соддалаштирилган божхона назоратидан ўтказилиши, фақатгина “қизил” йўлакдаги юкларгагина божхона кўригининг татбиқ этилиши ташқи савдо операциялари билан шуғулланувчи ҳалол тадбиркорлик субъектларининг вақт сарфлаши ва ортиқча оворагарчиликларининг олдини олиб, халқаро ташувларнинг тез ва самарали амалга ошишига замин яратмоқда.

Жорий йил бошидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Масофавий электрон декларациялаш божхона пости томонидан расмийлаштирилган божхона юк декларациялари учун сарфланган вақт ҳажми таҳлил қилинганда, бир дона экспорт декларацияси учун ўрта ҳисобда “яшил” йўлакда 17 дақиқа-ю 40 сония, импортда эса худди шу тоифадаги декларация учун олиб кирилаётган товарлар хусусияти, тури ва миқдоридан келиб чиқиб, 50 дақиқа-ю 24 сонияда расмийлаштирилганлигини қайд этиш лозим. Бу эса, яқин ўтмишдаги соатлаб, керак бўлса, кунлаб божхона постида ташқи савдо юкларининг туриб қолиши, тадбиркорлик субъектларининг юкларни тушириш ва юклаш харажатлари-ю сарсонгарчиликлари билан асло солиштириб бўлмайдиган натижа.

Бугунги кунда божхона тизимида рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, рақамли божхонанинг ташкил этилиши юртимизда илгари сурилаётган инсон қадри тамойили асосида халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш, давлатимизнинг иқтисодий баркамолликка эришишига хизмат қилади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири