Самарқандда TIR ижроия кенгаши, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон божхона тизими масъуллари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида транзит ташишни рақамлаштириш масалаларига бағишланган йиғилиши ўтказилди.

TIR – (французча “Transports Internationaux Routiers”) бу товарларни келиб чиққан мамлакатдан белгиланган давлатга божхона назоратидан шаффоф, ўзаро тан олинган тартибларга мувофиқ, муҳрланган юк бўлимларида ташиш имконини берувчи жаҳон миқёсида уйғунлаштирилган божхона транзити тизими. Бу товарларни бир нечта халқаро чегаралар орқали олиб ўтишнинг энг осон, хавфсиз ва ишончли усули бўлиб, ташувчилар ва божхона органларининг ҳам вақтини ҳам маблағини тежайди.

1978 йилда кучга кирган TIR конвенциясига Ўзбекистон 1995 йилда қўшилган. Денгизга чиқиш йўли бўлмаган ва қуруқликдаги транспорт тизими муҳим аҳамиятга эга бўлган мамлакат сифатида Ўзбекистон TIR-карнет китобчаларидан фойдаланиш бўйича 77 та аҳдлашувчи давлатлар ичида иккинчи ўринни (Эрондан кейин) эгаллайди.

– TIR тизими ташиш вақтини 80 фоизга, харажатларни эса 38 фоизгача қисқартиради, – дейди италиялик Марко Чампи. – Ҳар йили 1 миллионга яқин ташувлар TIR дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Биз – Европа Иттифоқига аъзо давлатларда божхона тизими аллақачон компьютерлаштирилган ва бунинг қулайлигини кўриб турибмиз. Ушбу тажрибадан фойдаланиб, бошқа давлатларда ҳам божхона тизимини тўлиқ рақамлаштириш керак. Бу товарларни бир нечта халқаро чегаралар орқали олиб ўтишнинг энг осон усулидир.

– Юртимизда илк бор ташкил этилган анжуманда иштирокчилар Марказий Осиё транспорти учун ягона рақамли платформа яратишга алоҳида эътибор қаратди, – дейди Божхона қўмитасининг божхона назорати ва расмийлаштирувини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Қобулов. – Бу транспорт ва логистика компаниялари юкларни халқаро чегаралар орқали тез ва ишончли ташиш учун хизмат қилади.

Жумладан, Ўзбекистон рақамли божхона расмийлаштируви воситаларига ўтишни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро даражада фаол иш олиб боряпти. Халқаро автомобиль транспорти тўғрисидаги конвенциянинг 11-иловаси доирасида Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон ўртасида биринчи трансчегаравий юк ташиш амалга оширилгани бунинг исботидир.

Ғ.ҲАСАНОВ,

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА