Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 21 июнь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни номзоднинг Навоий вилояти бўйича ишончли вакили Қувондиқ Санақулов очди.  Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кейинги йилларда вилоятда одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари алоҳида эътироф этилди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Номзоднинг дастурида бешта стратегик мақсад қамраб олинган:

Биринчи мақсад – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш. Иккинчи мақсад – одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш. Учинчи мақсад – сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш. Тўртинчи мақсад – қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш. Бешинчи мақсад – Янги Ўзбекистон хавфсиз ва тинчликсевар давлат.

Номзод аввало, мамлакатимизда келгуси етти йилда саноатни ривожлантиришга оид режалари ҳақида тўхталди.

– Хорижий ҳамкорларимиз билан бирга, умумий қиймати 120 миллиард доллар бўлган мега ва йирик лойиҳаларни бошладик. Хусусан, мамлакатимиз фахри бўлган “Навоий кон металлургия комбинати”да 3 миллиард 800 миллион долларлик 19 та лойиҳа амалга оширилади. Мисол учун, куни кеча “Пистали кони”нинг биринчи босқичи ишга туширилди, йил якунигача иккинчи босқичи ҳам фойдаланишга топширилади. Ушбу лойиҳа ҳисобига йилига қўшимча 4,4 тонна олтин ишлаб чиқарилади.

“Навоий уран”да 550 миллион долларлик 11 та лойиҳани амалга ошириш орқали уран захиралари 67 минг тоннадан 100 минг тоннага етказилади.

Умуман олганда, 2030 йилгача мис ишлаб чиқариш 3,5 баробар, олтин – 1,5 баробар, кумуш – 3 баробар, уран – 3 баробарга оширилади, – деди номзод.

Учрашувда илк бор литий, графит каби хомашёлар ўзимизда ишлаб чиқарилиши маълум қилинди.

– Бутун дунёда талаб ошиб бораётган, электромобиль, электротехника, яшил энергетика соҳалари учун муҳим бўлган литий, графит каби хомашёларни илк бор ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Жумладан, Тошкент вилоятида йилига 8 минг тонна литий, Бухорода 50 минг тонна графит ишлаб чиқарилади.

Оҳангарондаги мис, Бекободдаги қора металл, Чирчиқдаги қишлоқ хўжалиги техникаси кластерларида 10 миллиард долларлик 46 та корхона барпо этилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси етти йилда 60 минг квадрат километр майдонда геология-қидирув ишларини амалга ошириш учун бюджетдан 10 триллион сўм йўналтирилиши режалаштирилгани айтилди.

– Шу билан бирга, бу йўналишга Канада, Франция, Австрия, Япония, Хитой, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари компанияларининг 2 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестицияларини ҳам жалб қиламиз.

Шунингдек, маҳаллий тадбиркорларга ҳам стратегик фойдали қазилма конларини беришни янада кенгайтирамиз. Бу борада шу йилнинг ўзида олтин, кумуш, вольфрам, кўмир ҳамда норуда конларга 500 та рухсатномалар берилади. Бу ишларни келгуси йилларда тўрт баробар оширамиз, – деди номзод.

Шавкат Мирзиёев вилоятда таълимга оид режалари ҳақида маълумот берди.

– Келгуси етти йилда вилоятдаги оилаларнинг мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжи 100 фоизга тўлиқ қопланади (ҳозирда қамров 82 фоиз). Шу мақсадда вилоятдаги барча маҳаллаларда жами 310 та давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилади. Бунга барча манбалар ҳисобидан 1,5 триллион сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, 2030 йилга қадар янги мактаблар барпо этиш ва мавжудларининг қувватини ошириш ҳисобига қўшимча 40 минг ўқувчи ўрни яратилади. Натижада вилоятда 30 нафардан кўп бола таълим оладиган бирорта синф қолмайди (ҳозирда бундай синфлар сони 1 минг 200 та). Вилоятдаги барча мактаблар замонавий компьютер синфлари ва ўқув лабораториялари билан таъминланади.

Навоийнинг иқлимини ҳисобга олган ҳолда барча боғча ва мактаблар фильтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади, – деди номзод.

Шавкат Мирзиёев келгуси етти йилда аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга оид режалари билан ҳам таништирди. Жумладан:

– вилоятда 30 минг оилага мўлжалланган 350 та кўп қаватли уйлар барпо этилади;

– 45 минг оила истиқомат қиладиган 1 минг 200 та кўп қаватли уйлар таъмирланади;

– бу ишларни амалга ошириш учун барча манбалар ҳисобидан Навоий вилоятининг ўзига 1 миллиард доллар йўналтирилади;

–3,5 минг километр ички йўллар, 60 дан зиёд кўприклар қурилади ва таъмирланади;

– эскирган 5 минг километр электр тармоқлари ва 1 минг 200 та трансформатор янгиланади;

– 1 минг километр сув тармоқлари ўтказилиши натижасида 100 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади ва сув таъминоти даражаси 85 фоизга етади.

Навоийда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида келгуси етти йилда 120 миллион туп дарахт экилиши маълум қилинди.

– Буюк бобокалонимиз Навоийга чексиз ҳурматимиз белгиси сифатида, вилоятнинг 5 та туман ва шаҳрида “Хамса”даги достонлар номи билан аталадиган бешта экобоғ яратсак, нима дейсизлар, – деди номзод.

Сув хўжалигидаги ислоҳотлар учун келгуси етти йилда Навоийга 2,5 триллион сўм йўналтирилиши айтилди.

– Сув ресурсларини тежаш, улардан самарали фойдаланиш бўйича катта ислоҳотларни амалга оширамиз. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлмайди, жуда кўп маблағ керак, лекин, қанчалик қийин бўлмасин, бунга барча куч ва воситаларни сафарбар қиламиз.

Сув таъминоти энг оғир бўлган Қизилтепа, Хатирчи ва Кармана туманларида 8 минг гектар майдонлар ёпиқ қувурли суғориш тизимига ўтказилади. Бунга 150 миллиард сўм берилади. Биргина шунинг ўзида суғоришга сарфланадиган 200 миллион куб метр сувнинг 40 фоизи тежалади.

Бундан ташқари, Навоийдаги мавжуд каналларнинг 150 километр қисми бетон қопламага ўтказилади, 125 километр дренаж тармоқлари реконструкция қилинади. Бунга 300 миллиард сўм ажратилади, – деди номзод.

Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА