Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлисида қирқ иккинчи ялпи мажлисни 2023 йилнинг 22 июнь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган йиғилишда навбатдаги ялпи мажлисда жамият ва давлат ҳаётида муҳим ўрин тутадиган масалалар кун тартибига киритилгани қайд этилди.
Жумладан, ялпи мажлисда ўнга яқин қонун кўриб чиқилади. Коррупцияга қарши экспертизаси, давлат божи, ижро ҳужжати, наркологик касалликлар, Ҳисоб палатаси, радиочастота спектри билан боғлиқ қонунлар муҳокама этилади.
Давлат чегараси, ҳарбий-техникавий соҳада ҳамкорлик бўйича халқаро ҳужжатларга оид қонунлар кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, ялпи мажлисда парламент сўрови натижалари ҳам таҳлилдан ўтказилади.
Ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалар, ўз навбатида, Сенат қўмиталарида дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Ҳужжатлардаги ноаниқликлар ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Хусусан, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон – Қозоғистон Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2022 йил 22 декабрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун атрофлича муҳокама қилинди.
“Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий-техникавий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Исломобод, 2022 йил 3 март) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси мажлисида эса жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабуллар ташкил қилиш, кўтарилган масала ва муаммоларни зудлик билан жойида ҳал қилиш юзасидан амалга оширилган ишлар юзасидан Кадастр агентлиги раҳбарининг ахбороти эшитилди.
Агентлик томонидан 2023 йил 5 ойида 5,6 мингдан зиёд мурожаат ижро учун қабул қилинган. Шундан 66,7 фоизи қаноатлантирилган, 31,6 фоизи юзасидан тушунтириш берилган бўлса, 1,7 фоизига рад жавоби берилган.
Кадастр ҳужжати йўқлиги билан боғлиқ мурожаатлар сони кўпайган. Сенаторлар аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича қатор таклифлар билдирди.
Агентлик Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Давлат хизматлари орқали аҳолига кўрсатиладиган кадастр хизматлари сонини ошириш ва шу баробарида белгиланган муддатларда ҳамда сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаши зарурлиги айтилди.
Н.Абдураимова, ЎзА