Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) ва Қатар Олимпия қўмитаси вице-президенти Тани ибн Абдулраҳмон Ал Қувари билан Ўзбекистон ва Қатар мамлакатлари ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Қатарнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этган учрашувда ҳар икки давлат Миллий олимпия қўмиталари ҳамда Осиё олимпия кенгаши тизимидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, “Тошкент-2025″ ёшлар Осиё ўйинларига ҳамкорликда тайёргарлик кўриш, терма жамоалар ўртасида ўқув-машғулот йиғинларини тизимли ташкил этиш, замонавий спорт объектларини қуриш ва бу борада ўзаро тажриба алмашиш мавзулари муҳокама қилинди.

Айтиш лозим, Қатар сўнгги йилларда спорт дунёсида катта мавқега эга бўлди. Мамлакат бир қатор спорт турлари, бўйича жаҳон чемпионатларига мезбонлик қилиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида ёзги Осиё ўйинлари ташкил этилган бўлса, яқинда футбол бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати дунё нигоҳини Қатарга қаратди. Қатар 2030 йил ёзги Осиё ўйинларини қабул қилишга ҳозирлик кўраётган мамлакат саналади. Мулоқотлар чоғида ёшлар ўртасида ўтказиладиган “Тошкент-2025″ Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш борасида ушбу давлат тажрибасини ўрганиш масалалари хусусида фикр юритилди.

Мулоқот давомида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида олимпия тарғиботини кучайтириш, яккакураш спорт турларида иқтидорли ёшларни селекция қилиш, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тизими ҳақида сўз борди.

Суҳбат якунида Осиё олимпия кенгаши аъзолари ҳамда Қатар спорт мутасаддилари ўзбек спортининг кучли мактабга эгалиги, яккакураш турларида атлетларимизнинг жаҳонда етакчилар қаторига киришини алоҳида таъкидлади. Меҳмонлар кенг қамровли ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши минтақада Олимпия ҳаракатининг ривожини янги босқичга чиқишига хизмат қилишини эътироф этиб, бунда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида эканлигини билдирди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА