Бугун Буюк Британия пойтахти Лондонда Украинани қайта тиклаш бўйича иккинчи конференция бошланади. Икки кун давом этадиган тадбирда 61 давлатдан мингдан зиёд меҳмон, жумладан нодавлат нотижорат ташкилотлари, бизнес доира вакиллари иштирок этади, деб хабар берди Қироллик ҳукумати матбуот хизмати.
Форумни Бош вазир Риши Сунак ва маросимда виртуал чиқиш қилиши кутилаётган Украина Президенти Владимир Зеленский очиб беради. Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Европа Комиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам нутқ сўзлаши режалаштирилган.
Таъкидланишича, Сунак конференция иштирокчиларини Украина иқтисодиётига узоқ муддатли сармоя киритишга ва мамлакатни инновация йўли билан тезроқ тиклашга ундайди.
Бош вазирнинг фикрича, “молиявий жиҳатдан бақувват ва технологик жиҳатдан ривожланган Украина” ҳудудларини қайтариб олиши, “суверен ва замоновий, келажаги порлоқ Украинани яратиши” мумкин.
Хабарда айтилишича, анжуманда Лондон томонидан Жаҳон банки Киевга уч миллиард доллар ажратиши учун қўшимча кафолат берилиши эълон қилинади.
ЎзА