Президент “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ушбу қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 июлдан бошлаб Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилади.

Марказ ихтисослаштирилган психиатрия, тиббий-психологик ва наркологик ёрдам кўрсатишни ташкил этади, ушбу йўналишларда юқори технологик моддий база ва илмий мактабни шакллантиради. Шунингдек, аҳолининг барча даражадаги руҳий саломатлигини таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади.

Ҳудудлардаги руҳий-наркология шифохоналари ва диспансерлари Марказнинг ҳудудий ташкилий-услубий бошқармалари ҳисобланади.

Шунингдек, қарорда қайд этилишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим муассасаларида махсус ижтимоий-эмоционал ўқув соатлари (Social Emotional Learning, SEL)ни ташкил этиш топширилди.

Янги фан ўқувчиларда ўзини тута билиш ва қийин ҳаётий вазиятларни енгиш кўникмаларини шакллантиришга, депрессив, хавотирли ҳолатлар ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Қарорда, шунингдек, 1 июлдан бошлаб туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида фаолият юритаётган психиатр ҳамда психиатрия даволаш муассасаларида фаолият юритаётган психиатр, тиббий психолог, психотерапевт ҳамда суицидологларнинг лавозим маошига устама миқдори 25 фоиздан 50 фоизгача ошириш белгиланди.

 

ЎзА