Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
— Мазкур қонун лойиҳаси билан “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги ҳамда “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда, — деди депутат Мавлуда Иброҳимова. — Қонун лойиҳасида донор қони ва унинг таркибий қисмларидан фармакологик воситаларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш, дори воситаларининг клиник тадқиқотларини халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ташкил этиш, фармацевтика бозорига янги замонавий дори воситалари кириб келишини рағбатлантиришга қаратилган нормалар белгиланмоқда. Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатларимизнинг қатор таклифлари инобатга олинди. Жумладан, клиник тадқиқотларни вояга етмаганларда ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги таклифлари инобатга олинди. Шунингдек, қонун лойиҳаси лингвистик таҳлилдан ўтказилди.
Қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш давомида фикр-мулоҳазалар билдирилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА