Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш тартиби, мутахассислар тайёрлаш жараёнлари юзасидан овозли чат ўтказилган эди.
Унда эксперт сифатида иштирок этган Мудофаа вазирлигининг ҳарбий кадрларни тайёрлаш бошқармаси ҳарбий таълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи, подполковник Мунаввар Мамаюсупов ҳарбий билим юртига ўқишга кириш учун топшириладиган ҳужжатларнинг бирмунча кўплигининг ўзига яраша сабаблари борлигини тушунтирди.
– Таълим муассасаларимизга ўқишга ҳужжат топшираётган абитуриентлар турли хил синовлардан ўтади, – деди М.Мамаюсупов. – Биринчи навбатда бизга соғлом, ақлли, фаросатли, руҳан тетик, чидамли ёшлар ҳужжат топширади. Уларнинг оилавий шароитлари ўрганилади. Қариндошлари орасида судланганлар ёки суицид аломатлари кузатиладиганлари бор ёки йўқлиги текширилади.
Бундан 5 йил аввал мудофаа тизимидаги ҳарбий билим юртига ўқишга кириш учун жуда ҳам кўп оворагарчиликлар бўларди. Туман, вилоят, республика босқичигача бўлган жараёнлар бор эди. Ҳозирги кунда шу жараёнлар соддалаштирилган. Фақатгина туман мудофаа ишлар бўлимида ҳужжат йиғилади. Вилоят босқичида дастлабки саралаш тадбирлари амалга оширилади. Ҳозир талабларимиз максимал даражада қисқартирилган.
Тест синовлари авваллари фақат Тошкентда ўтказилган. Ҳозир эса ҳудудларда ўтказиляпти. Ҳарбий Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун номзод электрон тарзда ариза беради.
Мактаб ҳамда коллежларда олиб борилаётган тарғибот ишларимиз натижасида миллий армиямизнинг жозибадорлиги ошиб, йилдан йилга ҳарбий олий таълимга кирувчи ёшлар сони ортиб бормоқда. 2022 йилда Олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун 10 мингга яқин номзод ҳужжат топширган бўлса, бу йил 16 мингга яқин номзод ариза берган.
– Ўқишни давом эттиришни истамайдиган талабаларга қандай йўл тутилади?
– Курсантларни олий ҳарбий таълим муассасасидан четлаштириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади. Соғлиғи туфайли. Махсус тиббий экспертиза хулосасига асосан ҳақиқатан ўқишга яроқсиз бўлса ўқишдан четлаштирилади. Кейингиси интизомсизлик. Яъни низом қоидаларини бузиш кетма-кет давом этса, билим юрти раҳбари томонидан ўқишдан четлаштирилади.
Яна бошқа сабаблар: ўқув фанларини ўзлаштиролмаганда, ҳамда табиий офат содир этилганида, оиласида кимдир оғир касал бўлиши туфайли, оиласи муҳтож бўлган тақдирда четлаштириш мумкин.
Нигора Раҳмонова, Аброр Содиқов (видео), ЎзА