Бугун Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг АҚШга давлат ташрифи бошланади. У АҚШ Президенти Жо Байден ва бошқа расмийлар билан учрашади, шунингдек, АҚШ Конгрессида нутқ сўзлайди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Винай Мохан Кватра маълум қилди.
Моди чоршанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида Халқаро йога куни тантаналарини кузатади ва Нью-Йоркда қатор учрашувлар ўтказади. Вашингтонда Байден билан учрашгач, делегациялар даражасидаги музокарада иштирок этади. 22 июнь куни АҚШ Конгресси ҳар икки палатаси қўшма йиғилишида нутқ сўзлайди. Эртаси куни АҚШ вице-президенти Камала Харрис ва Давлат котиби Энтони Блинкен билан нонушта қилади.
Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар аввалроқ таъкидлаганидек, Ҳиндистон Бош вазирининг Америкага ташрифи “муҳим аҳамиятга эга”.
ЎзА