Бугунги кунда мамлакатимизда 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби, 3 та таянч ихтисослаштирилган мактаб ҳамда 166 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият кўрсатмоқда. 2023-2024 ўқув йилида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида янгидан 13 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернати ташкил этилиши режалаштирилган.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга 2023/2024 ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 10 июндан – 30 июнга қадар онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилади. Президент мактабларига умумий ўрта таълим муассасаларининг тўртинчи синф битирувчилари орасидан қобилиятли ва иқтидорли, математика ва табиатшунослик фанларидан ўқув йилини аъло баҳоларга тамомлаган ўқувчиларнинг ҳужжатлари қабул қилинади. Ўқувчилар фақат таълим олаётган мактабининг ҳудудидаги Президент мактабига ҳужжат топшириши мумкин.
Хўш, Президент мактабларига кириш имтиҳонлари учун жавоблар нега қаламда белгиланади?
Мазкур савол юзасидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Алишер Уббиев қуйидагиларни маълум қилди.
– Имтиҳонларга жавобни қаламда белгилаш аслида Cambridge Assessment ташкилоти томонидан қўйилган талаблардан биридир, – дейди Алишер Уббиев. – Қаламдан бошқа ёзув қуролида белгиланган жавобларни махсус компьютер текширмайди. Тест жавобларини текширишга ихтисослашган дастур фақат қаламда белгиланган жавобларни қабул қилади. Шунингдек, қаламда белгиланган жавоблар яхши сканер қилинади. Ручкада белгиланганда эса уларнинг бўялиб кетиш эҳтимоли мавжуд. Жавобларни қаламда белгилаш талабгорга хато қилиб қўйса, шу хатони тузатиш имконини беради. Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, IELTS, TOEFL каби синовларда қаламда белгилаш усули қўлланилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА