Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Эрон Ислом Республикасига расмий ташрифи доирасида “Тошкентдаги Эрон инновациялар ва технологиялар уйи” (Iran House of innovation and technology in Tashkent — IHITT)нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Теҳрондан онлайн тарзда Эрон Президентининг Фан ва технологиялар бўйича ўринбосари (вице-президенти) Руҳулло Деҳгани Ферузободи ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирок этиб, икки давлат ўртасида илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасида алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича ўз фикрларини билдирди.

Эрон инновациялар ва технологиялар уйи очилишида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири биринчи ўринбосари Комилжон Каримов, Инновацион уй раҳбарлари Фахрулла Лутфиев ва Расул Беҳештигар иштирок этди. Тадбирда давлат идоралари, дипломатик корпус вакиллари, мутасаддилар, бизнес доираси, ОТМлар ректорлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Тошкентдаги Эрон инновациялар ва технологиялар уйи илмий асосланган янги технологияларни Ўзбекистонга олиб кириш жараёнини осонлаштириш учун ишлаб чиқилган халқаро дастурнинг бир қисми ҳисобланиб, Эрон компанияларининг инновацион технологиялари, маҳсулотлари ва хизматларининг доимий кўргазмасини ташкил этиш билан шуғулланади.

Эрон инновациялар ва технологиялар уйи билим алмашинуви, технологиялар трансфери, инновациялар экотизимини ривожлантириш ва Эрон ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар учун платформа яратиш мақсадида ташкил этилди. Шунингдек, у фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик орқали икки мамлакатнинг иқтисодий ўсиши, ижтимоий фаровонлиги ва барқарор ривожланишига ҳисса қўшишга интилади.

IHITT Ўзбекистон ва Эрон ўртасида кўприк вазифасини ўтайди ҳамда икки давлат ўртасида технологик алмашинув, ҳамкорлик ва шерикликни ривожлантиришга ёрдам беради.

– Мақсадимиз Ўзбекистонда ишлаб чиқариш корхоналарининг маҳсулотларини Эронга ва Эрондаги илғор технологияларни Ўзбекистонга жорий этиш, – деди Тошкентдаги Эрон инновациялар ва технологиялар  уйи раҳбари Расул Беҳештигар. – Икки мамлакат ўртасида илм-фан, инновациялар бўйича ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, Тошкентдаги Эрон инновациялар ва технологиялар уйи икки давлат ўртасидаги технологиялар ва  инновациялар алмашиш юзасидан лойиҳаларни амалга ошириш, илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиш каби мақсадларни кўзлайди. Ҳозирда бу ерда энергетика, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари бўйича кўплаб компаниялар билан битимлар имзолашга эътибор  қаратилмоқда. Шунингдек, банк, нефть-газ ва бошқа йўналишлардаги инновация ва технологиялар бўйича ҳамкорлик ҳам кўзда тутилган.

 

Н.Усмонова,  

ЎзА