Тошкентда Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейига бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тантаналарда қатнашиш учун туркий давлатлардан маданият ва санъат соҳасидаги меҳмонлар ташриф буюрди.

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида ТУРКСОЙ ташкилотининг 30 йиллик тантаналарига бағишланган «Турк дунёси рассомлари» номли кўргазма очилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Султон Раев қардош, қондош, тарихи, маданияти, маънавияти туташ халқлар ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлашда адабиёт, санъат ва маданиятнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Ўзбекистоннинг туркий давлатлар билан муносабати сифат жиҳатдан янги босқичга чиқди. Бу эса яхши қўшничилик, ишончли, самимий ва конструктив мулоқотни йўлга қўйишда муҳим асос бўлмоқда.

ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи тантаналари доирасида ўзаро манфаатли учрашув ва мулоқотлар, қизиқарли тадбирлар, кўргазмалар, концертлар ўтказилади.

«Турк дунёси рассомлари» кўргазмасида Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари И.Валихўжаев, А.Алиқулов, Ғ.Қодиров, М.Мирсаидов, Б.Маҳкамов, С.Сабирбаев,

Х.Ибрагимов, М.Маҳмудов ва бошқа мусаввирларнинг ижод намуналарига кенг ўрин берилган.

 

Н.Усмонова,  

ЎзА