Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси ва округ ҳудудидаги сайлов участкаларида жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган сайловга кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан танишди.

Дастлаб, Марказий сайлов комиссияси раиси 1-Қорақалпоғистон сайлов округида яратилган шароитлар билан танишди. Шунингдек, округ сайлов комиссияси аъзолари билан учрашиб сайловга тайёргарлик кўриш борасида амалга ошириладиган тадбирлар ҳақида фикр алмашди.

Учрашув давомида бўлажак сиёсий тадбир сайлов участкаларида бўлишини, участка сайлов комиссияларининг фаолияти жуда муҳимлигини ҳисобга олиб, улар учун алоҳида ўқув-услубий қўлланма ишлаб чиқилгани қайд этилди. Тадбирда мазкур қўлланма ва сайловчиларни сайлов куни овоз беришда иштирок этиш учун “Таклифнома”си комиссия аъзоларига таништирилди.

Таъкидланганидек, жорий сиёсий тадбирга чақирув “Таклифнома”си ўтган галгилардан фарқи ҳар бир сайловчига эмас бир хонадонга битта берилади. Унда сайлов ҳуқуқига эга бўлган сайловчилар таклиф қилинган. Шунингдек, сифатли қоғозда чоп қилинган таклифномада махсус QR код бўлиб, сайловчилар мобил иловалари орқали сайлов қонунчилигига оид маълумотлар билан танишишлари мумкин.

Учрашувда З.Низамходжаев округда сайловга кўрилаётган тайёргарлик ишлари ва ташкилий ишларга юқори баҳо бериб, сайлов участкаларини жиҳозлаш, сайловчиларга зарур қулайликлар яратишнинг ўрни, ўқув-семинарларини ташкил қилиш, сайловни юксак савияда ўтказиш юзасидан тавсиялар бериб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев, Марказий сайлов комиссияси аъзоси Б.Юнусов 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси Т.Атамуратов ҳамроҳлигида Нукус шаҳридаги сайлов участкаларида бўлиб, сиёсий тадбирга кўрилаётган тайёргарлик ишлари, сайловчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА