Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков Қатар давлати маданият вазири Абдурраҳмон бин Ҳамад бин Жассим бин Ҳамад Ол Соний таклифига кўра ушбу мамлакатда хизмат сафарида бўлди.
Ташриф режасига кўра, О.Назарбеков Доҳада ўтказилган Халқаро китоб кўргазмасида қатнашди ва мазкур кўргазма директори Жассим Аҳмад Ал-Буайнайн билан учрашди.
Учрашув давомида бу йилги Халқаро китоб кўргазмасида 37 давлатдан 500 дан ортиқ етакчи нашриётлар ва ташкилотлар иштирок этгани баробарида ушбу кўргазма араб мамлакатларидаги энг йирик маърифий кўргазмага айлангани таъкидланди.
Эътиборлиси, кўргазма анъанавий ноширликнинг ривожланиши билан бирга аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, ёшларни китобхонликка қизиқтириш бўйича энг илғор ғояларни ўзида жамлаган. Кўргазмада барча вазирлик ва идоралар томонидан ўзлари масъул соҳалар бўйича чоп этилган махсус нашрлар, китоблар, дарсликлар, ўқув қўлланмалар, энциклопедиялар тақдим этилган.
Учрашув давомида Ўзбекистон 2024 йилги Доҳа Халқаро китоб кўргазмасининг «Фахрий меҳмони» сифатида мазкур йирик халқаро тадбирда иштирок этишига келишилди. Бу эса мамлакатимиздаги маърифий янгиланишларнинг амалий натижасини кенг намойиш этиш, нашриётларимиз ва хорижий ҳамкорлар ўртасида янги лойиҳаларни амалга ошириш, энг сара адабий асарларимизни араб дунёсида тарғиботи учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, кўргазмада бир қатор етакчи нашриёт уйлари ва ҳамкорлар билан келгусидаги режалар муҳокама этилди. Жумладан, Саудия Арабистони Адабиёт, нашриёт ва таржима комиссияси бош менежери Ҳайла Ал-Ҳалаф хоним билан ўзбек шоир ва адибларининг энг сара асарларини араб тилига таржима этиш бўйича фикр алмашдилар.
Сафар доирасида О.Назарбековнинг Қатар давлати маданият вазири Абдурраҳмон бин Ҳамад бин Жассим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашуви ҳам ғоят самарали кечди. Унда Ўзбекистон билан маданий-маърифий алоқалар мутлақо янги босқичга, мисли кўрилмаган қамровга эга бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Бунда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли ва яқин муносабатлар муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўз навбатида маданий соҳалардаги ҳамкорлик меморандумининг амалий ижросини таъминлаш мақсадида қатор лойиҳалар муҳокама этилди. Жумладан, 2024 йил Қатар давлатида Ўзбекистон маданияти кунларини, Ўзбекистонда Қатар маданияти кунларини ташкил этиш белгиланди. Бунда санъаткор ва ижодий жамоаларнинг қўшма лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Учрашув давомида муҳокама қилинган бир қатор лойиҳа ва таклифлар асосида 2023 -2024 йилларда ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазирлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА