Божхона институтида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) “Афғонистондан келаётган трансчегаравий муаммоларни ҳал қилишда Ўзбекистоннинг салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасидаги семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Маълумки, Марказий Осиё минтақасида гиёҳванд модда, қурол-аслаҳа, ўқ дори, портловчи модда, одам савдоси, шунингдек, террорчилар ва бошқа жиноий элементларнинг трансчегаравий ҳаракати билан боғлиқ жиддий трансмиллий таҳдидлар мавжуд.
Ўқув дастури Ўзбекистон аэропортлари ва бошқа чегара пунктларида хизмат олиб борувчи чегара ва божхона ходимлари учун мўлжалланган бўлиб, хизмат фаолияти давомида учрайдиган вербал ва новербал хатти-ҳаракатларни ўрганган ҳолда таҳдид ва хатарларни олдиндан кўра билиш қобилиятини такомиллаштиришга мўлжалланган.
Шунингдек, тренинглар давомида барча кўникмалар тўпламидан фойдаланган ҳолда уларни реал ҳаётий вазиятларда қўллаш юзасидан гуруҳлараро машғулотлар ҳам ўтказилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА