Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг ишончли вакили Халилла Ешимбетовнинг Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда талаба ёшлар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва туман Кенгаши депутатлари, партия фаоллари иштирок этди.

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили иштирокчиларни У.Иноятов таржимаи ҳоли билан таништирди ва сайловолди дастури ҳақида батафсил маълумот берди.

Таъкидланганидек, дастурда кучли ижтимоий сиёсат, арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизматлар, кафолатли ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, ёшлар учун таълим кафолатларини мустаҳкамлаш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, товар ҳамда хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги, ижтимоий тенгликка асосланган демократия, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, конструктив ташқи сиёсатга оид 9 та устувор йўналиш бўйича аниқ, манзилли таклиф ҳамда ташаббуслар илгари сурилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсади – ижтимоий давлат концепцияси экани, шу боисдан ҳам, янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ижтимоий давлат мақомидан келиб чиқиб, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлаш ҳамда демократик ижтимоий давлатни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилгани хусусида тўхталиб ўтди.

Сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Улуғбек Иноятовнинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашларини билдириб, сайловда ушбу номзодга овоз беришга чақирди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири