Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 26 февралдаги “Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига тавсияномалар топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан сўнгги йилларда мамлакатимизда ички ишлар органлари тизимини тубдан такомиллаштириш борасида бир қанча ижобий ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, соҳани ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори асосида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб терроризм, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тавсияномасида белгиланган қабул квоталаридан ташқари давлат гранти асосида Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири полковник Бахтияр Торебеков ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда муносиб ҳисса қўшган ички ишлар органи 88 нафар ходимининг 103 нафар фарзандига тавсияномаларни тантанали равишда топширди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири