Мамлакатимизда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида “Беш ташаббус паралимпиадаси” мусобақаларининг ўтказилиши минглаб матонат ва ирода соҳибларига кенг имкониятлар эшигини очиб берди.
Бундан бир йил муқаддам бошланган мазкур оммавий спорт тадбирлари қисқа фурсатда 6 минг нафарга яқин ёшларни қамраб олдики, бу, маҳаллаларда истиқомат қилаётган шунча хонадон аҳлини соғлом турмуш тарзи билан ошно бўлишига олиб келди.
Жорий йилнинг биринчи мавсумида старт олган “Беш ташаббус паралимпиадаси” спорт мусобақалари уч босқичда, яъни туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий саралаш босқичи ҳамда республика финал босқичи шаклида ташкил этилди.
Мазкур мусобақаларда иштирок этиш истагини билдирган 34 мингдан ортиқ маҳаллалардаги ногиронлиги бўлган ёшлар рўйхатга олинди. Мусобақалар пара енгил атлетиканинг ядро улоқтириш (нанизм паст бўйликлар), қисқа 60-100 метр масофага (орқа мия фалажи ва умуртқа поғонаси шикастланганлар “ДЦП”) ва узоқ 200-300 метр масофага (қўл ампутацияси бўлганлар) югуриш, пара стол тенниси, пара шахмат, пара шашка, пара киберспорт турлари бўйича бўлиб ўтди.
Республика финал босқичида 196 нафар спортчи-ёшлар, жумладан, пара енгил атлетикадан 6 нафар (3 эркак, 3 аёл), пара стол теннисидан 2 нафар (бир эркак ва бир аёл), пара шахматдан 2 нафар (бир эркак ва бир аёл), пара шашкадан 2 нафар (бир эркак ва бир аёл) ва пара киберспортдан 2 нафар (бир эркак ва бир аёл) бир ҳудуд жамоасидан эса 14 нафар (7 нафари хотин-қизлар) иштирок этиши белгиланган эди.
“Беш ташаббус паралимпиадаси” мусобақасининг финал босқич беллашувлари кеча Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ҳар қачонгидан ҳам қизиқарли ва муросасиз курашларга бой тарзда ташкил этилди.
Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан пойтахтимизга келган иродали ва матонатли ёшлар оммавий спортга ошно тутинган ҳолда ўз йўналишларида ғолиблик учун кураш олиб боришди.
Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида 6 та олтин ва 1 та кумуш, жами 7 та медални қўлга киритган Самарқанд вилояти вакиллари 1-ўринни қўлга киритди. Кучли учликдан эса Наманган вилояти (3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза) ҳамда Фарғона вилояти (2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза) жамоалари жой олди.
Мусобақанинг тақдирлаш маросимида иштирок этган Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасадди раҳбарлари ҳамда спортимиз фахрийлари ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларга, жамоаларга қимматбаҳо совғалар, медаллар, диплом ҳамда махсус кубокларни топширди.
Т.Рўзиев, ЎзА