Эртага, 17 июнь куни Германиянинг Берлин шаҳрида имконияти чекланганлар ўртасида ўтказиладиган Бутунжаҳон махсус олимпиадаси ўйинлари бошланади.
Дунёнинг 190 га яқин мамлакатидан 7 мингдан зиёд спортчи 26 спорт туридаги баҳсларда қатнашиши кутилаётган мазкур махсус олимпиада ўйинлари 25 июнга қадар давом этади.
Бугун, 16 июнь куни Бутунжаҳон махсус олимпиадасида қатнашиш учун айни пайтда Берлинда тайёргарлик жараёнларини маромига етказаётган Ўзбекистон спорт делегацияси вакиллари билан Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов учрашди. Улар билан бўлажак мусобақаларнинг моҳияти, ҳар бир спортчининг имкониятлари хусусида суҳбатлашди. Берлин спорт майдонларида кечадиган шиддатли баҳсларда матонат соҳибларига ватанимиз байроғини баланд кўтаришларига ишонч билдирди.
Айтиш лозим, ушбу нуфузли мусобақаларда юртимизнинг 28 нафар иродали спортчиси 8 та спорт туридаги баҳсларда медаллар учун кураш олиб боради. Махсус олимпиаданинг ҳар жиҳатдан юқори даражада ташкил этилишида 3 мингга яқин мутахассис-тренер, 20 минг нафар атрофидаги кўнгиллилар хизмат кўрсатмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА