Буюк Британиялик профессор, Бирмингем бизнес мактаби тадбиркорлик ва иқтисодий география кафедраси раҳбари Жон Брайсон Украинада кучли иқтисодий юксалиш бўлишини башорат қилди, деб ёзди “Daily Express” газетаси.

Эксперт фикрича, агар ғарб давлатлари инқироз тугагандан кейин Маршалл режасига ўхшаш дастурни тасдиқласа, Киев режими мисли кўрилмаган иқтисодий юксалишни бошдан кечириши мумкин. Брайсон асосий донор сифатида Европа Комиссияси ҳамда АҚШни тилга олган.

– Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия нима қилган бўлса, Украинада ҳам шундай салоҳият етарли, – дейди Брайсон. – Ўшанда Германия ҳам оммавий тикланиш, ялпи иқтисодий юксалишни бошидан кечирган. Украинада ҳам инфратузилманинг салмоқли қисми иқлим ўзгариши ва экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқариш талабига самарали жавоб берадиган замонавий стандартга мос равишда янгиланди.

Бундан ташқари, эксперт зиддият бартараф этилгач, Украина НАТОга аъзо бўлишига ҳам умид билдирган.