АҚШ Давлат котибининг Хитойга ташрифи давомида ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашув режалаштирилмаган. Давлат департаменти эълон қилган сафар жадвалида айни банд йўқ.
Блинкеннинг Хитой етакчиси билан учрашиши эҳтимоли унинг Чин мамлакатига сафари атрофидаги шов-шувга сабаб бўлмоқда. Зеро, бундай учрашув Пекинга ташриф муваффақиятли кечганини билдирган бўларди. Аввалроқ ОАВ Давлат котибининг Хитойга ташрифи чоғида шундай учрашув бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган, лекин бу маълумотни Вашингтон ҳам Пекин ҳам расман тасдиқламаган эди.
Ташриф жадвалига кўра, душанба куни Блинкен Хитой Коммунистик партияси ташқи ишлар бўйича комиссия девонхонаси раҳбари Ван И билан учрашади. Шунингдек, турли тадбирлар, давра суҳбатларида иштирок этади. Ташриф сўнггида матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилган.
Яқинда “CBS News” телеканали Блинкен ва Си Цзиньпин учрашуви бўйича якуний келишувга эришилмаган бўлса-да, Пекинда мазкур учрашувга тайёргарлик кетаётганини маълум қилганди.