Қозоғистон пойтахти Остонадаги “Kaspi bank”да одамлар гаровга олиниши факти бўйича судгача тергов бошланди. Бу ҳақда шаҳар прокуратураси маълум қилди, деб хабар берди “Kazinform” агентлиги.

Кеча “Kaspi bank” ҳиссадорлик жамиятининг пойтахт филиалида соат тахминан 14.00 да 1993 йил Жамбил вилоятида туғилган, 2013 йилдан бери гиёҳвандлар рўйхатида турувчи А.Муродов томонидан одамлар гаровга олинган.

– Воқеа жойига Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари ва бошқа тегишли идоралар вакиллари етиб келди, – дейилади хабарда. – Яқин атрофдаги аҳоли зудлик билан хавфсиз жойга кўчирилди. Махсус амалиёт натижасида гаровга олинган етти нафар фуқаро қутқарилди, ҳуқуқбузар зарарсизлантирилди.

Операция чоғида ҳеч кимга зиён етмаган.

Банк матбуот хизмати хабар беришича, 18 июнь куни филиалда фақат банк ходимлари бор эди, бинода мижозлар бўлмаган. Тергов давом этаётгани учун бошқа маълумотлар берилмаган.