Айни пайт Хитой билан АҚШ ўртасидаги муносабат ўзаро дипломатик алоқа ўрнатилгандан бери энг қуйи даражага тушган. ХХР ташқи ишлар вазири Цинь Ган Қўшма Штатлар Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувда айнан шундай деди.
“Синьхуа” агентлиги унинг сўзларини қуйидагича келтиради:
– Ҳозир Хитой ва АҚШ алоқалари мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилгандан кейин энг паст даражага тушиб кетди. Бу икки халқ мафаатига тўғри келмайди.
Ган аниқлик киритганидек, Пекин ва Вашингтон ўртасидаги сиёсий таранглик бошқа давлатлар учун ҳам фойдали эмас. Дипломат қайд этишича, расмийлар АҚШга нисбатан “доимо изчил ва барқарор сиёсатга амал қилади”, Хитой доимо тинч тараққиёт, ўзаро манфаатли ҳамкорлик тарафдори.
ТИВ раҳбари, шунингдек, “Америка томони Хитойга нисбатан холис ва оқилона позициясини сақлаб қолишидан умидвормиз”, деган.
Давлат департаменти тарқатган баёнотда музокара “очиқ, сермазмун ва конструктив”, ўтгани таъкидланган.
“Котиб тушунмовчилик ва муҳосаба хавфини камайтириш учун дипломатия, очиқ мулоқот йўлини сақлаб қолиш муҳимлиги, “Хитой билан умумий халқаро муаммолар бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятини ўрганиш лозим”лиги ҳақида гапирган.
Блинкен ва Цинь Ган ХХР ТИВ раҳбарининг Вашингтонга ташрифини режалашга келишиб олишди.
Бугун куни Блинкен ва Хитой Компартияси Марказий қўмитаси ташқи ишлар бўйича комиссияси раҳбари, Сиёсий бюро аъзоси Ван И ёпиқ эшиклар ортида музокара ўтказишган.
“The Washington Post” нашри Америка делегацияси таркибидаги манбага таяниб, томонлар етти ярим соатлик музокара натижасида “уч асосий вазифани ҳал қилишга эришган: юқори даражадаги алоқани тиклаш, муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳамкорлик йўналишларини ўрганиш.
Кузатувчилар фикрича, ҳар икки томон ўз позициясидан чекинмасликка уринган.
Блинкеннинг18-19 июнь кунларига белгиланган Хитой сафари давом этяпти. Бу жорий йил февраль ойига режаланган, АҚШ ҳаво ҳудудида Хитой шари уриб туширилгандан кейин бекор қилинган ташрифдир.
Аброр ХОН,
ЎзА