Президент Режеп Таййип Эрдоған ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўртасидаги телефон орқали мулоқот чоғида ушбу мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан муносабати масаласи муҳокама қилинди. Маълумки, Туркия қарийб 20 йилдан бери мазкур тузилмага тўлақонли аъзо бўлиш учун ҳаракат қилиб келмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати маълум қилди.

Президент ЕИни Туркияга “ҳуқуқий жиҳатдан ёндашиш”га чақириб, минтақавий муаммолар ечими кўп жиҳатдан Анқара ва Брюссель алоқалари мустаҳкамланишига боғлиқлигини уқтирди.

Матбуот хизмати баёнотида, жумладан, шундай дейилади:

– Президент минтақавий таҳдидга қарши муваффақиятли курашиш йўли ЕИ ва Туркия ҳамкорлигини кучайтириш эканини таъкидлади. У ЕИнинг Туркияга ҳуқуқий ёндашуви, мамлакатни ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлаши янги истиқбол очишини қайд этди.

Туркия расмийлари аввалдан ЕИга тўлақонли аъзо бўлиш Анқаранинг стратегик мақсади эканини айтиб келади. Бу йўлдаги музокара 2005 йилдан бери давом этиб келяпти.

ЎзА