Бир қатор давлатларда бўлгани каби Туркияда ҳам онлайн овоз бериш тизими жорий этилиши мумкин. Бу йўналишдаги ишлар 2024 йил баҳорда бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловдан сўнг бошланади, деди Олий сайлов кенгаши раиси Аҳмед Йенер “Hurriyet” газетасига берган интервьюсида.

– Электрон овоз бериш тизими 2028 йил ёки кейинги сайловда жорий этилади, – деди у. – Бу муқаррар. Ушбу тизимдан биз дастлаб сайловчилар сони оз бўлган хориждаги ваколатхоналаримизда фойдалана бошлармиз.

Йенер эслатишича, Олий сайлов кенгаши электрон овоз бериш масаласини 2014 йилдан бошлаб ўрганишга киришган. Сиёсий партиялар вакиллари билан бирга чет эл тажрибасини ўрганиш мақсадида хорижга сафар ҳам уюштирилган.

Май ойида Туркияда парламент ва президентлик сайлови бўлиб ўтди. Кейинги сайлов 2028 йилга белгиланган.