Бугун эрта тонгдан кўҳна ва боқий Бухорода “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивалининг “Мўъжизалар карвони” йўлга чиқди.

Бухорода ўтказилаётган “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивалининг асосий тадбирларига старт берилди.

Эрта тонгдан Арк қўрғонидан “Мўъжизалар карвони” тантанали юриши бошланди.

Тадбирда бир қатор давлатлардан маданият ва санъат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, расмий тур-операторлари қатнашмоқда.

Бухоро вилояти ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят Маданият ва туризм бошқармаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Фестивалда Словакия, Италия, Саудия Арабистони, Иордания, Бангладеш, Туркия, Қувайт, Қатар каби давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари томонидан фестивалда қатнашиш истаги билдирилган. Республика ҳудудлари ва хорижий давлатлардан келадиган 200 нафарга яқин ҳунармандлар қатнашмоқда.

Тадбирларни ёритиб бориш учун матбуот штаби ташкил этилган. Матбуот штабида хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолият олиб бормоқда. Фестивал 30 нафар хорижий ва маҳаллий журналист ҳамда блогерлар томонидан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиш режалаштирилган.

Фестивал доирасида ипак ҳамда зираворлар кўргазма ва ярмаркаси, палов сайли, миллий ўйинлар намойиши ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Фестивалнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Мирали Ҳамроев қатнашди.

 

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА