Кўҳна ва боқий Бухорода жорий йилнинг 16-18 июнь кунлари ХХ анъанавий халқаро “Ипак ва зираворлар” фестивали бўлиб ўтади. Фестиваль олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Мирали Ҳамроев бошчилигидаги фестиваль ташкилий қўмитаси аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, мустақил журналист ва блогерлар қатнашди.
Анжуманда сўз олганлар томонидан фестиваль доирасидаги асосий тадбирлар тўғрисида йиғилганларга батафсил маълумот берилди.
Тадбирда ХХ анъанавий халқаро “Ипак ва зираворлар” фестивали доирасида “Арк” мажмуасидан “Лаби ҳовуз” мажмуасигача фестиваль қатнашчиларининг тантанали юришлари, “Лаби ҳовуз” мажмуасида Фестивалнинг очилиш маросими, Бухоро шаҳрининг эски шаҳар қисми бўйлаб республикамиздаги фольклор жамоаларининг чиқишлари, ипак ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда зираворлар савдоси кўргазмаси бўлиб ўтади. Шунингдек, зардўзлик, темирчилик, ипак гиламлари, каштадўзлик, кандакорлик, бадиий ва миниатюра санъати маҳорат дарслари, фестиваль доирасидаги халқаро илмий-амалий анжуман, “Палов сайли” миллий таомлар танлови, маҳаллий ва хорижий дизайнерлар иштирокида “Silk & Spices Fashion days” махсус модалар намойиши, тасвирий ва амалий санъат миллий галереяси ва сураткашлар кўргазмаси, миллий ва спорт ўйинлари намойиши, фестивалнинг ёпилиш маросимига бағишланган гала-концерт каби асосий тадбирлар ўтказилиши таъкидланди.
Фестивални 30 нафар хорижий ва маҳаллий журналист ҳамда блогерлар оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиш режалаштирилган.
Фестивалда Словакия, Италия, Саудия Арабистони, Иордания, Бангладеш, Туркия, Қувайт, Қатар каби давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари томонидан фестивалда қатнашиш истаги билдирилган. Республика ҳудудлари ва хорижий давлатлардан келадиган 200 нафарга яқин ҳунармандлар рўйхати шакллантирилган.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга фестиваль ташкилий қўмитаси аъзоларидан жавоб олди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА