ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани ҳудудидаги Кердер маданиятига тегишли бўлган “Ҳайвонқалъа” ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган археологик қазишма ишлари билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида республика оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган журналистлар ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Россия Федерациясининг Қозон федераль университети ҳамда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси асосида ташкил этилган мазкур халқаро археологик экспедицияда Россия Федерацияси Татаристон Республикаси Фанлар академияси А. Халиков номидаги Археология институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Айрат Сиддиқов раҳбарлигидаги олимлар, Россия ва Қозоғистоннинг олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказларидан 20 дан ортиқ мутахассислар, шунингдек, институтнинг тарих факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этмоқда.

– Дунёнинг қатор давлатларида археологик қазишма ишларида иштирок этганман, – дейди экспедиция иштирокчиси, Ал-Фаробий номидаги Қозоқ Миллий университети профессори Мурат Шалекенов. – Биласиз, археологларнинг иши жуда қийин. Бундай ҳолатда, албатта, биринчи навбатда, қазишма ишлари учун яратилган шароитнинг юқори бўлиши катта аҳамиятга эга. Бу ерда дам олиш, лаборатория текшируви, талабалар билан дарс ўтиш, овқатланиш учун етарли шароитлар яратилган.

Халқаро экспедиция археологик қазишма ишлари натижасида топилган буюмлар ҳамда маданий қатламлар бўйича халқаро илмий фикрни шакллантириш, шунингдек, илмий хулосалар чиқариш мақсадига қаратилган. Бунинг учун институт томонидан 1 миллиард 400 миллион сўмга махсус чодирлар ҳамда 4 миллиард сўмга қазишма ишларида фойдаланиладиган археологик асбоб-ускуналар сотиб олинди.

Пресс-турда таъкидланганидек, “Ҳайвонқалъа” (ёки Кердер қалъаси) юртимизнинг ўрта асрлардаги бой тарихидан дарак берувчи ёдгорликлардан бири бўлиб, унинг айни пайтда сақланган ҳудуди 19 гектарни ташкил этади. Бугунги кунда ёдгорликнинг юқори маданий қатламида қазишма ишлари олиб борилмоқда.

Халқаро экспедиция томонидан амалга оширилган ишлар натижалари бўйича шу йилнинг кузида халқаро илмий анжуман ташкил этилиши кўзда тутилган.

Пресс-тур иштирокчилари археологик қазишма ишлари билан яқиндан танишиб, олимлар ҳамда талаба-ёшлар билан суҳбатлашди.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА