Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш жараёнига рақамли технологиялар кенг жорий этилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат соҳасини рақамлаштиришга оид асосий вазифалар белгилаб олинди.
Қарорга кўра, юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказишда талаб этиладиган ҳужжатларни тақдим этиш тартиби бекор қилинди.
Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш жараёнлари рақамлаштирилди. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни электрон шаклга ўтказиш орқали қоғоздаги гувоҳнома бланкаларидан воз кечилди.
Хусусан, юридик хизмат ходимларидан талаб этиладиган диплом нусхаси, меҳнат дафтарчасидан кўчирма ва шунга ўхшаш еттита ҳужжат талаб этилмаслиги белгиланди.
Шунингдек, юридик хизмат ходими аттестациядан ўтиши учун Юристлар малакасини ошириш марказида малака оширган бўлиши лозимлиги кўрсатилган. Бундан ташқари қоғоз шаклидаги аттестация гувоҳномасидан воз кечилиб, эндиликда электрон шаклдаги гувоҳномалар берилиши йўлга қўйилди.
Гувоҳнома реестри унинг серия рақами ва амал қилиш муддати кўрсатилган ҳолда “Yurist-adliya” электрон тизимида автоматик равишда юритилади.
Гувоҳномаларни ноқонуний ўзгартириб қўйиш ёки қалбакилаштириш имконияти бўлмайди ҳамда такрорланмайдиган махсус рақам берилади ва автоматик тарзда эълон қилинади.
Н.Абдураимова, ЎзА