Яна бир неча кундан сўнг Польшада бошланадиган III Европа ўйинларида ўзбек спорти – курашнинг тақдимот мусобақалари ва кўргазмали чиқишлари ташкил этилади. Бу ҳақда Халқаро кураш ассоциацияси хабар берди.
Европа қитъасининг 48 давлат вакиллари иштирокида ўтадиган қитъа олимпиадасида спортчилар 29 спорт турининг медаллари учун кураш олиб боради.
50 мамлакатдаги 70 дан ориқ телерадиоканаллар ва 20 га яқин нуфузли халқаро ахборот воситалари орқали тўғридан тўғри намойиш этиладиган қитъа ўйинлари доирасидаги кураш мусобақалари “Европа очиқ чемпионати” шаклида бўлиб ўтади.
Халқаро кураш ассоциацияси, Европа кураш конфедерацияси ва Ўзбекистон кураш федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган тақдимот тадбирида мусобақалар аёллар ва эркаклар ўртасидаги мутлақ вазн тоифаларида кечади.
Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 7000 евродан иборат бўлиб, мусобақалар жараёнида халқимизга хос бўлган маданий тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Европа олимпия қўмитаси томонидан ташкил этилаётган III Европа ўйинлари жорий йилнинг 21 июнь-2 июль кунлари ўтказилади.
Т. Рўзиев, ЎзА