Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йилдаги ҳамда 2023 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.
Мазкур масала бўйича Иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Кудбиев маъруза қилди.
Қайд этилганидек, 2022 йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми 2021 йилга нисбатан 5,7 фоизга, иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари бўлган хизматлар ва қурилиш соҳаси мос равишда 8,5 ва 6,6 фоизга ўсди. Шунингдек, инфляция даражаси белгиланган кўрсаткичлардан ошмади. Давлат бюджети даромадларининг ошириб (100,8 фоизга) бажарилишига эришилди.
Мамлакатимизда тадбиркорлар учун қулай муҳит ва кенг имкониятлар яратилаётганлиги, айрим турдаги солиқ ставкалари пасайтирилганлиги, самарасиз солиқ имтиёзлари бекор қилинганлиги тадбиркорлик субъектлари учун қулай имкониятлар яратмоқда. 2022 йилда 90,2 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, легал фаолият олиб бораётган тадбиркорлар сони кескин кўпайди. Қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 30 мингтага, фойда солиғи тўловчилар сони 24 мингтага ошди.
Давлат бюджетининг харажатлари биринчи навбатда ижтимоий соҳани ривожлантириш, бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчиларнинг иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштиришга йўналтирилди.
Жумладан, 2022 йилда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун 2 371,4 миллиард сўм ёки 2021 йилга нисбатан қарийб 2 баравар кўп бюджет субсидиялари ажратилган. Натижада ўтган йил якунида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 22,8 мингни ташкил этиб, унда қамраб олинган болаларнинг сони 746 минг нафарга ёки 2021 йилга нисбатан 22 фоизга ортишига эришилди.
Шунингдек, Давлат бюджетидан бирламчи тиббий-санитария муассасаларига бириктирилган аҳоли жон бошига дори ва тиббий буюмлар учун ажратилган маблағ миқдори ўртача 3 бараварга оширилиб, 2022 йилда 578,1 миллиард сўм маблағ ёки 2021 йилга нисбатан 368,9 миллиард сўм кўп маблағ йўналтирилди.
2022 йилда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун Давлат бюджетидан жами 6,4 триллион сўм йўналтирилган.
Шунингдек, йиғилишда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот ҳам кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон иқтисодиётида жорий йилда ҳам юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланиб, 2023 йилнинг I чорагида ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга ўсган.
Давлат бюджети даромадлари ҳисобот даврида режага нисбатан 102,8 фоизга ёки 1,3 триллион сўмга ошириб бажарилди. Иқтисодиётда солиқ юкининг пасайганлиги эвазига тадбиркорлар фаоллигининг ошиши ҳамда инвестициявий фаолликнинг кучайиши бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатди.
Давлат бюджети ижтимоий харажатларининг 93,4 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келади.
Депутатлар ижтимоий давлат принципларига амал қилинаётганлигини таъкидлаб, эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда айрим хато ва камчиликларга ҳам эътибор қаратдилар. Хусусан, ҳисобот даврида харажатлар режага нисбатан паст даражада ижро этилганлиги, жорий харажатлар ва капитал қўйилмалар тўлиқ ўзлаштирилмаганлиги депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Халқ вакиллари вазирликлар ва идоралар томонидан кейинги чоракларда давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет харажатлари натижадорлигини ошириш, давлат ва ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш борасида тизимли чоралар кўрилиши юзасидан таклиф ва тавсиялар бердилар. Бюджет жараёнига оид тегишли маълумотларни вазирликлар ва идораларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб бориш амалиёти бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш имкониятини беришини таъкидладилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА