Бу ҳақда профессионал бокс мусобақалари олдидан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Хабар берганимиздек, 16 июнь куни пойтахтимиздаги «Ҳумо Арена” мажмуасида профессионал бокс мусобақалари ташкил этилади. Куни кеча ушбу бокс оқшомига тайёргарликнинг бориши, унда қатнашадиган хорижий давлат иштирокчилари, Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.Анжуман аввалида Ўзбекистон бокс федерацияси ҳамда Қозоғистон профессионал бокс комиссияси ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси ҳамда Қозоғистон профессионал бокс комиссияси мутасаддилари, Lift Promotions компанияси вакиллари Бутунжаҳон бокс иттифоқи (WBC)нинг йиллик 61-конвенцияси жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкентда ташкил этилиши бўйича расмий қарор қабул қилинганини айтди.
Таъкидланганидек, WBC – жаҳон профессионал бокс оламида ўз нуфузига эга ташкилот. Унинг конвенция йиғини йилда бир марта ташкил этилиб, унда WBCга аъзо икки юзга яқин давлатдан расмий вакиллар, таниқли промоутерлар, собиқ ва амалдаги жаҳон чемпионлари, профессионал бокснинг дунёга донг таратган машҳурлари жам бўлади.
Анжуманда айтилганидек, WBCнинг мазкур йиллик 61-конвенциясининг Тошкентда уюштирилиши масаласи даъвогар шаҳарлар орасида овоз бериш натижасида ҳал этилди.
Айтиш лозим, айни пайтда қароргоҳи Мексикада жойлашган WBC профессионал бокс оламида Муҳаммад Али, Майк Тайсон, Леоннокс Люис, Мейвезер, Кличко, Менни Пакяо сингари ўнлаб ринг қиролларига чемпионлик камарларини тортиқ этган халқаро бокс ташкилоти саналади.
Яна бир гап. WBCнинг бугунгача ўтказилган конвенцияларининг биронтаси минтақамизда ташкил этилмаганини назарда тутсак, WBCнинг йиллик 61-конвенцияси пойтахтимизда ўтиши Ўзбекистон спорт оламида, хусусан профессионал бокс тарихида ўзига хос воқелик, ушбу халқаро бокс ташкилотининг келажак қарорларининг қабул қилинишига Тошкент ҳал қилувчи нуқта бўлиши шубҳасиз. Демак, Тошкент жорий йилнинг 12-17 ноябрь кунлари жаҳон боксининг энг номдор юлдузларини жамлайди.
Матбуот анжумани давомида ярим оғир вазн тоифасида (79 кг.) гран-при турнири чорак финалига, ўрта вазн тоифасида (72 кг.) ярим финал жангларига қуръа ташлаш маросимлари уюштирилди.
Бугун, 15 июнь куннинг иккинчи ярмида пойтахтимиздаги “Frankfort” меҳмонхонасида жангларда иштирок этадиган профессионал боксчиларнинг вазн ўлчаш, кўз уриштириш (Face to Face) маросимлари ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, эртага 16 июнь куни профессионал бокс оқшомининг марказий жанги биринчи ярим ўрта вазнда гран-при финали ҳамда WBC Asia камари учун ҳамюртимиз Мужибилло Турсунов ва қозоғистонлик Дилшат Нурим ўртасида бўлиб ўтади. Мусобақанинг яна бир марказий баҳси 53,5 килограмм вазнда WBA Asia South чемпионлик камари учун 2019 йилги жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзаҳалилов ва қозоғистонлик Нурслан Сабиров ўртасида кечади. Шунингдек, Буюк Британия, Никарагуа, Ирландия, Чехия, Тожикистон, Қозоғистон ва мамлакатимизнинг бир қатор номдор спортчилари рейтинг жангларида қатнашади.
Т. Рўзиев, ЎзА