Иқлим ўзгариши табиий ресурсларни камайтирмоқда ва бу турли давлатлар, минтақалар ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Глобал исиш натижасида атроф-муҳит ёмонлашиб, экстремал об-ҳаво ҳукм суриб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тинчликпарвар миссияси фаолиятини мураккаблаштирмоқда. БМТ Хавфсизлик кенгашининг вазирлар даражасида бўлиб ўтган мажлисида гуманитар амалиёт бўйича бош котиб ўринбосари Жан-Пьер Лакруа шундай фикрларни билдирди.
Унинг таъкидлашича, аксарият миссиялар Марказий Африка Республикаси, Конго Демократик Республикаси, Судан, Жанубий Судан, Афғонистон, Сомали, Мали, Гаити, Яман сингари иқлим ўзгариши кескинлашган минтақаларга жойлашган.
– Жанубий Суданда ўнта штатнинг саккизтаси сув тошқинидан азият чекмоқда, – деди Лакруа. – Кўпчилик уйини тарк этиб, бошқа жойга кетмоқда. Натижада турли элатлар ўртасида қарама-қаршилик юзага келиб, ресурслар учун кураш кучаймоқда. Сув тошқини БМТ тинчликпарвар кучлари ҳаракати тезкорлигини пасайтиради. Вакиллар вертолёт ва қайиқдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда, бундай техника эса етарли эмас.
Сомалида сўнгги йилларда доимий қурғоқчилик кузатиляпти. Натижада оммавий кўчиш авж олди. Мамлакатда юзага келган очарчилик аҳоли норозилигини кучайтирган. Ироқда ҳам юқори ҳаво ҳарорати, сув танқислиги, қум бўрони жамоалар ўртасида кескинликни юзага келтирмоқда.
Хабарда таъкидланишича, БМТ Тинчликпарвар миссияларида бундан буён иқлим бўйича маслаҳатчи ишлайди.