Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш тартиби, мутахассислар тайёрлаш жараёнлари юзасидан овозли чат ўтказилди.

Унда Мудофаа вазирлигининг ҳарбий кадрларни тайёрлаш бошқармаси ҳарбий таълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи, подполковник Мунаввар Мамаюсупов эксперт сифатида иштирок этиб, кузатувчилар томонидан йўлланган саволларга жавоб берди.

– Мудофаа вазирлиги тасарруфида 5 та олий ҳарбий таълим муассасаси мавжуд, – дейди М.Мамаюсупов. – Булар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси, Чирчиқ Олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда Олий ҳарбий авиация билим юртларидир.

Ушбу таълим муассасаларимизда бакалавриат таълим йўналиши бўйича 37 та мутахассислик бўйича курсантлар тайёрланмоқда. 13 та магистр таълим йўналиши бўйича. Бундан ташқари қўшни хорижий давлатларнинг 50 нафар курсант ва тингловчилари ҳам таҳсил олмоқда.

– Олий ҳарбий таълим муассасаларига кирувчи ёшлар учун қандай имтиёзлар мавжуд?

– Ҳозирги кунда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларга тест жараёнида ўзлари тўплаган баллдан 50 фоиз миқдорида балл қўшиб берилади. Бундан ташқари «Темурбеклар мактаби»ни тамомлаган битирувчиларга ўзлари тўплаган баллардан 30 фоиз миқдорида имтиёз берилади.

Республика миқёсида ўтказилган олимпиадаларда 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган шахслар 3 йил муддат давомида сертификат асосида олий таълим муассасаларига кириш учун максимал балл тўплаган ҳисобланади. Халқаро олимпиадаларда иштирок этган физика, математика, кимё, биология, информатика фанлари бўйича совриндорлар ҳеч қандай синовларсиз ва қўшича имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилинади.

Меҳрибонлик уйи ҳамда болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда 1 фоизда қабул квоталари яратилади. Ҳарбий хизматни ўташ чоғида ҳалок бўлган, ногиронлик олган ҳамда контузия бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ҳам квотадан ташқари имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинади.

 

Нигора Раҳмонова, Аброр Содиқов (видео), ЎзА