АҚШ собиқ вице-президенти Майк Пенс Оқ уйнинг аввалги соҳиби Дональд Трамп афв этилиши мумкинлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта эканини таъкидлади. У “Клэя Трэвис ва Бак Секстон шоуси” радио дастуридаги иштироки чоғида шундай деган. У “2024 йил бўлиб ўтадиган Президент сайловида ғолиб чиқсангиз, Трампни афв этармидингиз?” деган саволни жавобсиз қолдирган.
– Бу жиддий айблов, – деди Пенс. – Аввал ҳам айтганман: қўйилаётган айб бўйича уни (Трампни – таҳририят) оқлай олмайман. Мен губернатор бўлиб ишлаганман ва афв эълон қилганман. Раҳбарлик лавозимидаги инсон учун фавқулодда муҳим ваколат ҳисобланган айни ҳуқуққа жуда жиддий қарайман. Ўйлашимча, бу ҳақда гапиришга ҳали эрта.
Майк Пенс 7 июнь куни 2024 йил бўладиган Президент сайловида иштирок этишини расман эълон қилди. Республикачилар партиясидан Трамп, Флорида штати губернатори Рон Десантис, АҚШнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Никки Хейли, Жанубий Каролина штатидан сенатор Тим Скотт, Нью-Жерси штати собиқ губернатори Крис Кристи ва бошқалар ҳам давлат раҳбарлигига даъво қилмоқда.