Женевада Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Халқаро меҳнат конференциясининг 111-сессияси бўлиб ўтди.

Жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортган сессия мунозараларида дунё миқёсида ижтимоий ва меҳнат муносабатларини ривожлантиришга янги стратегик ёндашувлар, глобал ташаббуслар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева конференциянинг ялпи сессиясидаги нутқида халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистонда ижтимоий адолатни таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирди. Айнан ушбу масала Халқаро меҳнат конференцияси жорий сессиясининг асосий мавзуси бўлди.  Хусусан, Ўзбекистонда янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда давлатнинг фуқаролар олдидаги қатор ижтимоий ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамлангани таъкидланди.

– Ижтимоий адолат нафақат ахлоқий мезон, балки миллий барқарорлик ва фаровонликнинг асосидир. Биз муносиб меҳнат миллий дастурларини илгари суриш, ижтимоий мулоқотни ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича етакчи ҳисобланган ХМТ билан ҳамкорликни юксак қадрлаймиз ва ХМТ Бош директорининг тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланиш шарти сифатида Ижтимоий адолат коалициясини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Ишончимиз комилки, ХМТ ташаббуси билан Ўзбекистоннинг мазкур Коалицияга биринчилардан бўлиб кириши мамлакатдаги инвестициявий муҳитни яхшилаш, иқтисодиёт ва бизнесни ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари билан меҳнат ва ижтимоий адолат масалалари бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро меҳнат конференцияси ҳукуматлар, ишчилар ва иш берувчилар вакиллари томонидан ишлаб чиқилган ХМТ конвенциялари ва тавсияларини қабул қилади. Конвенциялар ХМТга аъзо давлатлар томонидан ратификация қилиниши мумкин бўлган юридик жиҳатдан мажбурий халқаро шартномалар ҳисобланади.

 

Н.Абдураимова, ЎзА