Бу йил ёз фаслининг биринчи кунидан бошлаб ҳарорат анча юқори бўлаяпти. Айни шу иссиқ кунларда электр энергияга бўлган эҳтиёж ҳам кундан-кун ортмоқда. Истеъмолчиларнинг кондиционерлардан узлуксиз фойдаланиши эса энергетикларимизни янада сергакликка ундайди.

Хўш, шу кунларда истеъмолчиларга қанча электр энергияси етказиб берилмоқда? Кунлик истеъмол миқдори қанчани ташкил этмоқда?

Ушбу саволга Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев жавоб берди.

– Очиғини айтганда, аномал иссиқ таъсирида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли ҳажми бўйича рекорд кўрсаткичлар янгиланди, –деди Ҳ.Тошхўжаев. – Айтайлик, кеча, яъни 13 июнь куни мамлакатимизда жами 231,7 миллион киловатт соат электр энергияси сарфланди. Бу миқдор июнь ойи учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бундан бир йил муқаддам худди шу куни 202 миллион киловатт соат электр энергияси ишлатилган бўлиб, ўсиш кўрсаткичи 14,7 фоизни ташкил қилмоқда.

Бугун, 14 июнь куни соат 11:00 га қадар эса соатлик эҳтиёж ҳажми 11 минг 80 мегаваттни ташкил қилди. Бу эса 2022 йилнинг худди шу санасидаги ҳолат билан таққосланганда, 1600 МВт (15,4 фоиз) кўп электр токи сарфланган, деганидир. Ушбу қувват деярли тўртта буғ-газ қурилмасининг ёки иккита “Тўрақўрғон” ИЭСнинг қувватига тенг.

Айтиш керакки, рекорд қўйиш бугун ҳам давом этиб, 14 июнь санаси мобайнида суткалик электр энергияси истеъмоли 238-239 миллион киловатт соатга етиши кутиляпти. Мазкур рақам 2022 йилнинг мос даврида қайд этилган истеъмол миқдоридан қарийб 30 миллион киловатт соат ёки 14,8 фоиз кўпдир. 2022 йилнинг июль ойида юз берган энг аномал иссиқ ҳароратли даврда ҳам максимал юклама 10 800 МВтдан, суткалик максимал истеъмол ҳажми эса 238,2 миллион киловатт соатдан ошмаган эди. Электр энергиясининг юқори истеъмоли, айниқса, Тошкент шаҳрида кузатиляпти. Масалан, 2021 йилнинг 13 июнь санасида пойтахт аҳолиси 15,5 миллион киловатт соат ток ишлатган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилнинг худди шу кунида 17,08 миллион киловатт соатни, бу йил эса 26,4 миллион киловатт соатни ташкил қилган.

Таъкидлаш керакки, айрим ҳудудларда тизим доирасида таъмирлаш ишларининг мунтазам олиб борилишига қарамасдан мавжуд барча электр станциялари томонидан етарли миқдорда электр энергияси ишлаб чиқариляпти. Бунинг учун барча имкониятлар яратилган, зарур миқдорда ёқилғи материаллари захираси яратилган, керакли мутахассислар, ишчи-ходимлар жалб этилган. Шунингдек, келишувларга асосан қўшни давлатлардан белгиланган ҳажмларда электр энергияси импорт қилиниб, ички истеъмолга йўналтириляпти.

Маълумки, ҳаво ҳароратининг ошиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ҳам кескин ортади. Натижада электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламалар юзага келиши, тармоқда эса турли носозликлар келиб чиқиши табиий. Хусусан, аномал иссиқ электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилиятини ҳам 20 фоиз тушириб, тизимда йўқотишларни ҳосил қилиши мумкин.

Бундай ҳолат нафақат энергетикларга, балки истеъмолчиларга ҳам катта масъулият юклайди. Негаки, ушбу манбадан оқилона фойдаланиш, зарурат бўлмаса, совитиш ускуналарини ўчириб қўйиш ёки электр энергиясини тежамкорлик билан ишлатиш ҳар қандай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишда қўл келади.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.