Бугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар, Президент сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ва ОАВ вакилларини аккредитация қилишга доир масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳамда ногиронлар нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган ушбу сиёсий тадбирда барча фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловда иштирок этиши учун шарт-шароитларни яратиш борасида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш лозим. Шундан келиб чиқиб, мажлисда ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайл алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси тасдиқланди. Шунингдек, ҳар бир сайлов участкасини ушбу трафаретлар билан таъминлаш чоралари белгиланди.
Мажлис кун тартибига мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясига жорий йил 6-13 июнь кунлари жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, ҳар бир мурожаат бўйича тегишли чоралар кўрилди. Муҳокамалардан сўнг мурожаатлар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Мажлисда халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатувчи миссияси вакили аккредитациядан ўтказилди. Шунингдек, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 159 нафар, хорижий оммавий ахборот воситаларининг 42 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Шу бугунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 554 нафарни ташкил этмоқда.
Мажлисда муҳокама қилинган барча масала юзасидан МСКнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА